Ҳурматли ота-оналар! Сизлар юртимиз келажаги бўлган фарзандларингизнинг соғлигини муҳофаза қилиш борасида мамлакатимизда кенг кўламда ишлар амалга оширилаётганидан хабардорсиз. Жумладан, 2019 йилнинг октябрь ойига қадар 12 хил бошқариб бўладиган юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари амалга оширилди. Шу даврдан бошлаб 13-турдаги касаллик, яъни бачадон бўйни раки касаллигига қарши 9 ёшли қизларни ВПЧ (одам папилломаси вирусига қарши) вакцинаси билан эмлаш амалиёти тадбиқ этилди. Маълумингизким, бу борада давомли тарғибот ишлари олиб борилишига қарамасдан, айрим фуқароларимиздан бу муолажалар нега амалга оширилаётгани ҳақида кўплаб саволлар тушмоқда. Қуйида барчани қизиқтираётган долзарб мавзу борасидаги маълумотларни ҳавола қиламиз.
Эмлаш - бу одатда вакцина киритилиши орқали инсон организмида иммунитет ҳосил қиладиган ёки юқумли касалликларга чалинувчанлигини бартараф этувчи, унга қарши курашиш ва уларни бартараф этишда қўлланилувчи синалган восита ҳисобланади. Одам папилломаси вируси (ВПЧ)га қарши эмлаш бачадон бўйни саратонига чалинилиш ҳолатининг қарийб 90 фоизининг олдини олади. Вакцина юборилгач инсон организмида унга қарши таначалар ишлаб чиқарилади ва агар вирус қачондир организмга кирадиган бўлса уни енга оладиган ҳимоя тизими шаклланади. Эмлашнинг энг яхши даври қизларнинг 9 ёшли даври бўлиб, 6 ой оралиқ билан 2 марта ўтказилади. Айнан шу ёшда вакцина иммунитет тизимининг энг кучли таъсирини таъминлаб беради. Бачадон бўйни саратони-одам папилломаси вируси (ВПЧ) келтириб чиқарган касалликлар ичида энг кенг тарқалгани ҳисобланади. Дастурнинг асосий мақсади аёлларни ҳаёт учун ҳавфли бўлган касалликдан ҳимоя қилиш бўлиб, ЖССТ, Ўзбекистон Республикаси ССВ тавсиясига асосан эмлаш амалиёти биринчи навбатда 9 ёшли қизларга тавсия этади. Бачадон бўйни саратони ирсий касаллик эмас, яъни онада бу касаллик бўлмагани тақдирда ҳам қизи шу касалликка чалинмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.У аёлларнинг репродуктив (фарзанд кўриш) функцияларига таъсир қилмайди, аксинча инфекциядан ҳимояланишига ёрдам беради.Вакцина юборилган организмда енгил физиологик реакциялар кузатилиши табиий, (вакцина ўрни қизариши,шишиши, оғриши, ҳарорат кўтарилиши, бош оғриши, умумий ҳолсизлик) бу ҳолат бир кун давом этиши мумкин, хавф туғдирмайди.
ЖССТнинг тадқиқотларига кўра, эмлаш орқали йилига дунё миқёсида 2-3 миллион нафар, юртимизда 1660 нафар инсонларнинг ўлим ҳолатлари олди олинади. Шу боис ҳам бугунги кунда мамлакатимизда ҳам аёллар саломатлигини муҳофазалаш соғлиқни сақлаш соҳасининг устувор йўналишига айланган. Одам папилломаси вируси (ВПЧ) келтириб чиқарадиган бачадон бўйни саратони профилактикаси, диагностикаси ва аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш масалаларига ҳукуматимиз ва ССВ томонидан катта эътибор бериб келинмоқда.
Жаҳоннинг 102 мамлакатида ВПЧ га қарши вакцинанинг муваффақиятли қўлланилганлигини ҳисобга олган ҳолда, 2019 йил октябрь ойида вазирлик, ЖССТ ва Юнисеф кўмагида бачадон бўйни саратонини олдини олувчи ВПЧ вакцинаси билан 9 ёшли (2010 йилда туғилган) қизларни 1-босқич эмлаш ишлари ўтказилган эди. Ушбу жараёнда вилоятимиздан 9 ёшли 23 минг нафардан зиёд қизлар ВПЧ вакцинаси билан эмлаш режалаштирилган эди. Эмланувчилар ўртасида бирорта ҳам нохуш ҳолатлар кузатилмади.
Ҳурматли ота-оналар!
Ёдингизда бўлсин, 2020 йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб Республикамизда, жумладан вилоятимизда ҳам одам папилломаси вирусига қарши (ВПЧ) вакцинаси билан 1- босқичда эмланган қизларда 2-босқич эмлаш тадбирлари бошланди. Муолажалар Covid-19 пандемияси сабабли барча даволаш-профилактика муассасаларининг эмлаш пунктларида карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилади. Ишонч билан айта оламизки, фарзандларингизни хавфли касаллик- саратондан ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этадиган бу тадбирга катта масъулият билан қарайсиз, уларни ўз вақтида тўлақонли иштирокини таъминлашда бизга камарбаста бўласиз.
Одинахон ИКРОМОВА,
вакцина ва иммунобиологик препаратлар билан
таъминлаш бўлими мудири.