Қон - инсоннинг тириклик манбаи. Қон бўлса - жон бўлади. Уни йўқотиш - ўлимга юзланиш демак. Шунинг учун турли шикастланишларда кўп қон кетиши оқибатида одам ҳушсизланади. Ҳаёти қил устида қолади. Бундай ҳол тиғли тиббий амалиётлар чоғида ҳам рўй бериши мумкин. Қон заҳирасини яратиш, уни олиш, сақлаш, зарур пайтда шифокорлар ихтиёрига беморга қуйиш учун беришга масъул шахсларнинг фаолияти беҳад хайрли ва савобли ҳисобланади.
Бироқ қон яратадиган сунъий дастгоҳ қаерда? Ҳали ҳозиргача бундай кашфиёт зоти шарифларнинг қўлларидан келганича йўқ. Шунга қарамай, афсусланиш керак эмас. Ахир ҳар бир инсоннинг танаси қон ишлаб чиқаради, яъни оз-оздан йўқотган қонини тиклаб боришга қодир. Ҳатто қонидан бошқа эҳтиёжмандларга эҳсон қилса ҳамки безарар. Қачонки, тани соғлом бўлсагина шундай олийжаноблиги ўзига ҳам, ўзгага ҳам нафдор. Донор, яъни қон топширувчи кишиларнинг аксарияти шуни яхши билишади. Вақти-вақти билан тиббий меъёрларга мувофиқ маълум миқдордаги қонларини вилоят қон қуйиш марказига ёки туманлардаги тиббий муассасаларнинг мутахассислари ҳузурига келишиб хайр-саховат кўрсатишади. Албатта, улар берағбат қолдирилмайди.
Донорлар сафига қўшилмаганлар бу эзгу амалда қатнашишдан чўчийдилар. Асли ихтиёрийлик билан бажарилиш лозим ҳолатни баъзан дийдаси қаттиқ кишилар ҳам яқинларининг ҳаёти хавф остида қолганидагина адо этишга мажбур бўлишади-ю, кейин қилган ишларидан ўзлари беҳад хурсандчилик туюшади. Бир яқинининг ҳаётини сақлаб қолинишига сабабчи сифатида кўнгли ўзгача мунавварликдан яйрайди. Донорликнинг нақадар савобли юмушлигини чуқур англаб етади. Очиғи, донор бўлиш учун оиламиздаги, қариндош-уруғимиздаги яқинларимиз бошига оғир ҳолат тушишию, ўша лаҳзаларда қон гуруҳимиз тўғри келиши шартмикин?!Энг аввало, ҳар биримизда инсоний меҳр-шафқат, нажот кутаётганларга ёрдам қўлини чўзишдек мурувват туйғуси эрта уйғонгани маъқул бўлмайдими. Одамнинг одамга кор келиши, қонсираган танага қонидан қуйилишига хайрихоҳлиги унинг ёруғ оламдаги ҳар қандай яхшиликдан кўра афзаллигидан нишонадир.
Ўзим гувоҳ бўлган ҳаётий воқеани мисол сифатида эсласам, ҳали-ҳали ҳайратим ва ҳаяжонимни яширолмайман. Кунларнинг бирида туман марказий шифохонасига автоҳалокат туфайли оғир жароҳатдан кўп қон йўқотган икки шикаста йигит олиб келинди. Шифокорлар жуда шошиб қолишди. Уларнинг қон гуруҳлари аниқлангач, тезда шундай қон заҳираси топилавермади шекилли врач касалхона атрофида телефон симлари ётқизиш учун ер қазиётган ҳарбий кийимдаги қурувчи - ҳашарчилар ёнига борганча:
-"Ҳой, йигитлар, ичларингда кимнинг қон гуруҳи иккинчи ва учинчи? - деди илтижоли оҳангда.
Улардан бири қўлидаги лапаткасини, бири киркасини, бири ломини ташлаб, ёрдамга шошилишди. Взвод командири билан бирга шифохона ҳовлисига ўтишди. Сўнгра, бу хабарни ҳарбий қисмга йўллашди. Кўп ўтмай, бу ердаги кўнгилли донорлар ўттиздан зиёдлашди. Пешма-пеш қон топширишди. Кўриб - кузатиб турганлар ёш йигитларга ҳавас билан мамнун боқишди. Кейин билдикки, ҳар икки жароҳатли инсоннинг ўлим домидан тортиб олинишига эришилибди. Эътиборли жиҳати уларнинг танасига фақат ўзбекларнинггина эмас, рус, қирғиз, қозоқ, тожик, уйғур ва татарларнинг қонлари қуйилибди...
Намангандаги ҳарбий қисмга шифохона жамоасининг миннатдорчилиги йўлланди. Фидоий ва олижаноб аскарлар алоҳида сийловларга сазоворландилар. Керак пайтида керакли мададини бошқалар учун аямайдиган, танидаги қонини беморларни даволашга беришдан фахру ғурур туядиган, донор деган номни ўзига шараф билган инсонлар қанийди кўпаяверишса...
Юқорида 30 йил донорлик қилиб келган кекса отахоннинг эътирофларини сарлавҳага бежиз чиқазмадик. Зеро, инсон танасидаги қоннинг ортиғи ҳеч қачон бўлиши мумкин эмаслигини ва айни маҳалда донорликнинг ҳеч қандай зиёни йўқлигини айтиш билан яна бир ҳаётий ҳақиқатни етказиб қўйишимиз ҳам фойдадан ҳоли эмас. Қон топширган кишининг аҳволи оғирлашмайди, аксинча, янада яхшиланади, тетикланади. Буни тиббий маълумотларсиз ҳам англашимиз аниқ. Берган қонимиз ўрнини танамиз яна тезда қоплайди. Алал-оқибат ўша миқдордаги қонимиз янгиланади. Бу ижобий ҳолатлигини ким ҳам инкор эта олади.
Бизнингча, донорлар қанча кўпайса, қон заҳираси шунча ортаверади. Эҳтиёжмандларнинг маҳталлиги рўй бермайди, таъминотда тўкислик барқарорлашади. Бошқача айтганда, керак кишига керак вақтда қон қуйишда мутлақо муаммо вужудга келмайди. Натижада одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинади, умри узайтирилади. Ундай бўлмаган ҳолатда эса, бемор соғлиги тикланади, яхшиланади. Танидаги хасталикдан тезроқ фориғланади. Шу жиҳатдан баҳоланса, қон топширишга хоҳиш билдириш, шундай эзгу юмушга кўнгилни мойиллаш ғоят савобли ва қадрли одат. Ҳар биримиз учун фарзу фазилат, инсонийлик бурч, десак ҳам заррача янглишмаймиз.
С. ТОЖИБОЕВ.