Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов соғ­лиқни сақлаш тизимида кечаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар хусусида маъруза қилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил этди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда қишлоқ врачлик пунктларида аниқланган камчиликларни бартараф қилган ҳолда аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишга эришиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Сабохатхон Ҳожибоева, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдували Мавлоновлар сўзга чиқиб, оналик ва болалик муҳофазаси, бирламчи тизим фаолиятини кучайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилаётганлигини таъкидладилар.

Йиғилишда вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов галдаги вазифаларни белгилаб берди.