дейди суҳбатдошимиз - вилоят қон қуйиш маркази бўлим мудири Юсуфжон Аминов
- Юсуфжон Юнусович, биз яхши биламизки, инсон бутун мавжудотлар ичида энг мукаммал яралганлиги ва онгининг ривожланганлиги билан ажралиб туради. У ҳаётининг асосий қисмини меҳнат қилишга, илм олишга, янгилик яратишга сарфлайди. Бу жараёнларнинг асосий қисмини тирикликни таъминлаб берувчи қон бажаради. Сиз ҳам, аввало қоннинг вазифаси ҳақида тушунча берсангиз?
- Қон организмда энг муҳим жараёнларнинг иштирокчиси ҳисобланиб, тана ҳужайраларигача озиқ моддалар, айниқса, ҳаво билан тўйиниш мана шу мўъжизавий суюқлик орқали амалга ошади. Унинг ўрнини ҳеч қайси дори воситаси, кимёвий перепаратлар босавермайди. Турли ҳодисалар, организм касалланиши, эҳтиётсизлик оқибатидаги шикастланишлар туфайли қоннинг маълум қисми йўқолиб, бемор ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Ўшанда олийжаноб ва олийҳиммат кишилар ўзгалар жонига оро киритишади, яъни қонларидан беришади. Улардан ҳақли равишда фахрланамиз.
- Кўпчилик қон топширишдан чўчийди, гўёки зарари бордек. Аслида эса қандай?
- Гапингиз тўғри. Лекин асло қўрқиш керак эмас, инсон организмида 4,5 - 5 литр қон бўлиб, донор шундан 200-400 мл топширади. Соғлом киши учун бу мутлақо безарар, қолаверса, у оғриқсиз жараён. Бош айланиши, кўз тиниши, камдан-кам ҳолларда учрайди. Бундай ҳол ҳам соғлиқ учун хавф туғдирмайди. 80-100 мл дан қон берганлар ўзларини яхши сезадилар, тетик, қувноқ бўладилар, бу уларнинг меҳнат қобилиятига сира таъсир қилмайди. Вақти-вақти билан 400 мл қон топшириш, ҳусусан қон босими ошишига мойил шахсларга фойдали. Томирлардаги қон ҳажми бир неча соат мобайнида, қоннинг сифат кўрсаткичлари эса 2-3 ҳафтада асли ҳолига келади.
- Донорнинг қон марказидаги йўли шартли равишда "Хайрли иш сари 7 қадам" дейилишини изоҳлаб ўтсангиз?
- Донорнинг биринчи қадами қон марказидаги рўйхатхонадан бошланади. У ҳақдаги керакли маълумотлар билан ҳужжатлар тўлдирилади. Албатта, донор паспорти билан келиши шарт. Рўйхатхонадан кейин тиббий сўровномани тўлдириш, иккинчи қадам саналади. Бунда бирор бир касаллик бўйича шифокор рўйхатида турмайдими, даволаниш учун дорилар қабул қилмайдими, илгари юқумли хасталикка чалинмаганми, соғлом турмуш тарзига эгами каби саволларга жавоб берилади. Тўғри ва ростини айтиши шарт. Ахир қони қуйиладиган беморнинг соғлигини муҳофазалаш учун бу ўта муҳим. Донордан сўралган ҳар қандай маълумот ошкор бўлмаслиги ва бирор бошқа мақсадларда қўлланилмаслиги кафолатланади.
Бармоқдан гемоглабин миқдорини аниқлаш мақсадида бир томчи қон олиш учинчи қадамдир. Бу кўрсаткични ойдинлаштириш донорни камқонликка учраш хавфидан сақлайди.
Тўртинчи қадам - шифокор қабули. Шифокор донор қон топшириши мумкинми ёки мумкин эмаслигини ҳал қилади.
Бешинчи қадамда қон топширишга рухсат берилгандан сўнг кетадиган суюқлик ўрнини босиш учун донор иссиқ чой билан сийланади. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, ҳар бир тиббий муолажаларда бир маротаба қўлланиладиган анжомлардан фойдаланилади. Донорда ҳеч қандай касаллик юқтириб олиш хавфи бўлмайди.
Олтинчи қадам қон топшириш. Донорга махсус креслога жойлашиб ўтириш таклиф қилинади. Тирсак соҳасининг ички қисми териси антисептик суюқлик билан артилади, кейин эса венадан қон йиғадиган пластик қопчага бириктирилган стрел игна ёрдамида қон олинади. Жараён асосан 10 дақиқагача давом этиши мумкин. Қон топширилгач, билакка стерил боғлам қўйилади. Уни икки соатгача ечмаслик тавсия этилади.
Еттинчи қадам қон топшириш якунлангач, донор марказда 10-15 дақиқа дам олади ва енгил овқатланади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, газетхонларга қарата қуйидагиларни таъкидлашни истайман: Сиз бир соатгина вақтни сарфлаб ва донорлар курсисига етти қадам ташлаб, бирор инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишдек савобли ишда иштирок этишингиз мумкин.
Гарчи топширган қонингиз туфайли қайта ҳаётбахш айлаган инсоннинг исмини ҳам билмайсиз. Муҳими, бу эмас, асосийси, улар соғлом бўлсалар бас!
- Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият, карантин чеклов даврининг донорлик фаолиятига ҳам таъсири сезилган бўлса керак.
- Албатта ташкилотлар, корхона ва муассасалар фаолиятининг тўхтатилиши, транспорт қатновларининг чегараланиши, фуқаролар ҳаракатининг чекланиши натижасида потенциал донорлар сони камайиб кетди. Бу эса ўз навбатида қон маҳсулотлари заҳираларининг озайиб, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда бироз муаммолар юзага келтирди. Ана шундай мураккаб вазиятда бизга вилоятдаги ички ишлар идоралари органлари ходимлари жуда катта донорлик ёрдамини кўрсатишди.
Вилоят мудофаа бошқармаси, вилоят ички ишлар ва Миллий гвардия бошқармалари билан ҳамкорликда пандемия шароитида "Эзгулик албатта қайтади" шиори остидаги акцияларнинг ўтказилиши ғоят мақсадга мувофиқ бўлди.
Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.