"КАРАНТИН КУНЛАРИДА" ТУРКУМИДАН
Кечанинг одати ўйлатар бугун,
Сабоққа сабабчи аслида ҳар иш.
Бормикин ечилмас муаммо, тугун
Ҳаракат, курашдан сезмасак ҳориш.
ТАЗАРРУГА ТАЪЗИМ ВОЖИБ
Ҳаёт - жумбоқларга тўла жўшқин жараён. Ҳаёт - оддий ва мураккаб муносабат. Ҳаёт - сўнгсиз кураш ва ғалаба. Ҳаёт - турфа армон ва омад. Ҳаёт вақт аталмиш ўлчовлар қобиғида яшайди-ю, унинг ўзи ҳам абадият ва чексизликка қисматдош. Умри ҳаракат, умри бетакрор, умри қисқа инсон учун ҳаёт шириндан ширин, қадрлидан қадрли. Лекин биз бандаи ожизлар буни гоҳ-гоҳ хаёлимиздан фориғлантириб қўямиз. Билиб - билмай тақдир деган таскинбахш баҳонага ўраб, ўзимизни гўёки оқин измига ташлаб юборишимизни оқлашга уринамиз, уринаверамиз. Асли азал ҳаётда ниманики топсак, нимагаки эришсак, бу - ўзимизнинг маслак муддаомиздан, интилиш-изланишимиздан. Билакс, ниманики йўқотсак, ниманики бой берсак, нимагаки етишмасак, бу - бепарволигимиздан, лоқайдлигимиздан, ўзимизга ортиқча баҳо бериб, қаттиқ панд ейишимиздан эканини бугун чуқурроқ англаб етаётган бўлсак ажаб эмас... Ахир кечаги кунларимизда узоқ яшашга, мазмунли яшашга, хотиржаму ҳаловатли яшашга, яъни - соғу саломат умр кечиришга дахлдор фарзу фазилатларга баъзан беписанд қарамадикми. Ўзимизни ўтдан-чўққа урмадикми. Умумбашарий тараққиёт таққосида заррача туюлмиш ютуқларимизни тоғча билмадикми. Ёхуд тоғча хатоларимизни заррача кўрмадикми. Жавобли саволлар қаршисида бугун изтиробга мойиллик ярашади ҳақиқатни дангалига тан оладиган бўлсак.
Ҳақиқат - ҳаётни мувозанатда ушлашга қодир! Уни идроклаш, унга юзланиш, ундан куч-қувват излашга ўрганишимиз жоиздан жоиз. Чунки, ёлғон ҳаётни тўзитади, тиниқни лойқалатади, одамни алдайди, зулматга ғарқ қилади. Кўнглимизни ҳақиқатнинг қуёшқиёс нурларидан бебаҳра қолдиради. Токи қалбларимиз покиза туйғулардан, ҳалол амаллардан мунавварланиб турмас экан, қанча уринмайлик, қанча чиранмайлик, қанча турланмайлик, алал-оқибат ҳалокатли фалокатлар бошимиздан аримайди. Шодлигимиз қайғуга уланади, еяётган болимиздан оғу чиқаверади. Зоти шарифлигимиз эса тубанлик сари силжийверади. Ақлимизни пешлайлик, фаҳму фаросатимизни яхшилик боғларини гуркиратиб яшнатишга сарфлайлик. Ана ўшанда аждодларга муносиб авлодлик мартабасига мушаррафланамиз. Аждодлар қадрияту анъаналарининг садоқатли ворислари деган номга доғ тушириб қўймаймиз. Келинг, аждодлардан ибрат излаб, ўзимизни комиллик кўшкига кўтарайлик. Токи биздан кейингилар бизга ўхшашга, биздек яшашга ўзларида мойиллик сезсинлар, қодирлик қувватини ахтарсинлар, азиз замондош!
Бугунги оламий фалокату оммавий ҳалокат тусида намоёнланган "KOVID - 19" балосини бошимиздан кечираётган оғир пайтда кечаги кунимиздан кўнглимиз тўладими ёки йўқми? Шуни ўйлаб кўриш фурсати келганини уқайлик! Қачонгача пушаймонлик алфозига тушмагунча "очиқ" кўзларимиз росмана очилмайди. Ҳавойи орзу ҳаваслар оғушидаги мастоналикка кўпам берилмайлик. Кимдан яширамиз, кечаги кечмишимиздаги нуқсонларимизни, ҳаддимизни билмаслигимизни, талтайиб кетаётганимизни. Меҳр-оқибатни ҳам пулу бойлик билан ўлчашга, пулу бойликка алмашлашга ўргана бошламадикми?! Гап даставвал тўйларимизга бориб тақалишини пайқаётган бўлсангиз янглишмайсиз.
КИМГА ТЎЙ, КИМГА АЗА
Бу - ҳаётга нисбатан қўлланган ибора замирида фақат каттагина эмас, адоқсиз, ўкинчли маъно ётиши ҳам ҳаммамизга аввалдан маълум. Бироқ "Тўй - тўйдек бўлиши" учун айрича шарҳланганда мен ҳам, сен ҳам, у ҳам астойдил жон куйдирдикми?! Йўқ! Тўғри, тилда, сўзда "Ихчамлатайлик", "Ортиқча сарф-сурфнинг нима кераги бор", "Бир кунлик тўйга минг кунлик тўплаганимиз сочилиб кетавермасин", "Исрофгарчиликнинг уволи тутмайдими?", "Қарзга ботиб тўй қилиш шартми?" деб айтаверамизу, ўзимиз тўй қилсак, ўзимиз дарров ювош тортиб, "Майли, боламиз ўксимасин", "Фалончи қилганини биз қилолмаймизми", "Топадиган ўзимиз, бошқаларга оғирлиги тушмасин" деган ўринсиз таскин, ўринсиз таъкид, ўринсиз оқлов фикрларни тахлаб ташлайвермадикми. Савобли саховат, эҳсон қолиб ўзимизни "бой"лигимизни, "зўр"лигимизни кўз-кўзлашга чирандик. Нажотталабга кўмакка қўл узатиш у ёқда қолиб, бошқа "яқинлар"имиз - казо-казоларнинг олдига тўкин дастурхонлар ёзишдан, уларга сарпою совғалар улашишдан тийилмадик. Шундан тўйларимиз меъёр тартибидан чиқиб кетди. Эҳсон эмас, манфаатпарастликка, базму жамшидга, совға-тўёналар йиғиш пойгасига айланиб қолмадими кечаги кунимиздаги тўй-тўйчиқларимиз.
Кўҳна қадриятларимизни менсимай, ҳовлиларимиздаги маросиму анъаналаримизни кўчаларга кўчирдик, ҳатто қишлоқдаги яшаш манзилимиздан йироқдаги тўйхоналарга кўчирдик. Бундай тўйхоналар ҳовлиси тордан-торлар учун, кўпқаватли "дом"ларда яшайдиганлар учун қулайлигига, мослигига наҳот ақл-идрокимиз етмади. Замона зайли деб ўзимизни қанчалар "билағон" тутмайлик, сиз билан бизнинг истак-майлимиз миллийликдан чекинаётганини ошкора, ножоиз намойиши эмасмиди булар...
Минг афсус, тўйларимиз меъёр-тартибдан чиқиб кетди. Эркинлик замонида эркимизни эвини йўқотгандаймиз. Гўё устамон пултопар ишбилармонларнинг тегирмонига сув қуйишга ўрганиб қоляпмиз. Тежам ва увол тушунчаларини тобора тушунмайдиган қавмлар кўпаймоқда. Шахсий манфаатни кўзлаб, ижтимоий манфаатларни бир четга суриб қўйиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Оммавий тадбирлардан кўра, бир кишининг, яна ҳам очиқроғи таниқли, юқори лавозимли, пулдор одамларнинг тантаналари гавжумдан гавжум. Меҳмонларнинг ҳам, қўл қовуштириб, хизматда турадиганларнинг ҳам сону-саноғи ҳаддан зиёдлигини ижобий аломат дейиш ҳижолатли.
Кўҳна қадриятларимизни менсимай, ҳашамдор ва серчиқим тўйхоналарни афзал кўраётганлар камми. Ҳаттоки, никоҳ тўйларида куёвнавкарлари етмаганидай қуданавкарларга, бойлигига бойлик қўшилишига нафи тегадиган манфаатпараст ҳамсафларга, сохта дўст бўлса ҳам ёнида савлат тўкиб турадиган казо-казоларга, катта мансабдорлар қўл остидаги кичик ва чечан раҳбарчаларга 400-500 нусхалаб, баъзи чўнтаги чуқурлар 800-1000 талаб "Таклифнома"лар тарқатишди. "Сўрашиб" кириб-чиқаётганларнинг атаб қўйган тушумларини "акахон"ининг ён чўнтагини тез-тез бўшатиб, доллару сўмларни санаб, дасталаб, ишонарли "пулдон"га чаққон жойлаб турадиган дастёрларга одамларнинг нигоҳлари тушиши наҳотки эриш туюлмаса. Тўйхона эшиги олдидаги тўйбоши мағрур, тўйбоши хурсанд, тўйбоши дақиқали дийдорлашувдан "даромади"ни ичида чамалайди...
Юқоридаги ҳолат янги бойларимизга хос, албатта. Бироқ барча бирдай бой эмас, барча бирдай бой бўла олмайди ҳам! Бу мумкин бўлмас ҳодиса. Жамиятимизда ўрта ҳоллар бор, камбағаллар озмас. Демак, кимга тўйу кимга аза бундай тантаналар... Пулдорлар ўйнаб-яйраса, йиллаб кийишдан, еб-ичишдан тежаб-тергаб юрганларнинг эса, тўй кунлари-ю, ундан кейин ҳам бошлари ташвишдан оғрийди, қудаларга тенг келишга интилишиб, қарзнинг қаърига кириб кетишади. Асаблари таранглашади, юраклари эзилади, қон босимлари кўтарилади - соғликлари йўқолади. Кеча шундай эди, десак ёлғонми?!
Бугун коронавирус балоси дунёга ёпирилган паллаларда эълон қилинган карантиннинг яна бир ижобий жиҳати ҳам иқтисодий, ҳам маънавий бефойда, зиёни зиёда тўйларни тўхтатиб қўйгани кўз ўнгимиздаги ҳаётий ҳақиқат. Қанийди карантиндан сабоқ чиқариб, ўзимизни ўзимиз, қайта-қайта тафтиш қилсак, салбий феълу атворимиздан, замонга, ҳаётга нолойиқ кўпсонли тўй-тўйчиқдан, йиғин-йиғиндан барча ихтиёрий равишда, дил-дилдан истаб воз кечишга ўтса...
Илгаридан жамият ҳамиша табақаланишга мойил. Бироқ бу ҳолатнинг илдизи қачонки, ҳалолликдан озиқлансагина бой қавмлар ҳаммада хайрихоҳлигу ҳавас уйғотишлари мумкин. Аксинча бўлса, бошқаларда нафрат, ранжу алам туғдириши шубҳасиз. Барака - ҳалолликда, тараққиёт - ҳалолликда, обрў-эътибор - ҳалолликда. Минг шукур, аксарият ўзбек тадбиркорларининг иймон-эътиқоди бут. Ҳалол луқма юқишини ва ёқишини яхши билишади. Ҳаромдан ҳазар қилишади. Алал-оқибат топган-тутганларини ножўя йўлларга сарфлашдан йироқ юришади. Меҳнату машаққат билан, қийинчилик билан қўлга киритилган фойдани, бойликни ким ҳам исроф қиларди? Бунга йўл қўйганлар кеча гоҳи-гоҳ учраган экан, уларни ҳеч иккиланмай ўзларидан кетган кимсалар дея атасак мутлақо хато эмас. Шу боис тўйлар тўғрисида кўпдан-кўп тортишув, мушоҳада, муносабат тўхтамади, кўпдан-кўп эътирозлар эшитилди, кўпдан-кўп муҳокамалар ўтказилди. Президентимиз ва Ҳукуматимизнинг қарор ва фармонлари чиқарилди. Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг фатвосигача эълон қилинди. Меъёрлар белгиланди, масала жиддийлашди, тўйга чақирилувчилар сонигача чегараланди. Белгиланган зарур тадбирларга қарамай, амалда яна кимлардир "қўли очиқ"лигини кўрсатишдан дарров тийила қолмади. Чунки, аввало бир неча юзлаб ўриндиқли ўта ҳашаматли, қасрсифат тўйхоналарни тартибга солиш борасида кескин чоралару талаблар белгилашга шошилмадик...
Бугун эса уларнинг маҳобатли ва салобатли эшиклари берклигидан халқ хафа эмас. Гапнинг индоллосини айтсак, шуниси маъқулу манзурга ўхшайди. Хаёл қилсак: яна бу эшиклар ланг очилса, яна тўда-тўда меҳмонларга ичи тўлса, таклиф этилганлар орасида биронта "СOVID-19"га чалинган киши кириб қолса, ана унда ўнлаб, юзлаб соғлом одам хавфли хасталикни ўзига илаштирса, даҳшатли ҳолат рўй бермайдими?! Унда ҳозиргача амалга оширган ижобий ишларимиз, эришган ва эришаётган самараларимиз чиппакка чиқмайдими? Тўйга келганлар ўзларини аза балосига гирифтор этиб кетишмайдими. Ҳаётнинг ўзи буюк сабоқчи, буюк устоз. Хаёлимиз ҳақиқатга айланмаслигига кафолат йўқлигини бирор лаҳза унутишга кимнинг ҳаққи бор...
Уйда, мўъжаз-ҳовлида қариндошлар, қўни-қўшнилар билан ихчам ва тежамли, камсонли ва масофали ҳолатда тўйлашишнинг айни мавриди келди. Бугун ортиқча дабдабаларсиз, ортиқча ҳашамларсиз, энг зарури соғлигимизга хавф-хатарсиз маросимлар муносиблигини обдон тушунадиган фурсат етди. Айрим табақаларни ҳисобга олмаганда, кўпчилик ҳамшаҳару ҳамқишлоқлар учун бу ҳолат айни муддао бугун. Пул тежалади - ёнга қолади, озиқ-овқат тежалади - заҳира яратилади. Орзу умидлар барибир ушалади. Уйдан қиз чиқарилади, уйга келин келади. Ҳатто маросимларга ҳам озчилик ярашиқли аслида. Чунки тартиб бўлади, тўй эгалари меҳмонлар кўплигидан қайси бирларига қарашни билмай гангишиб қолишмайди. Ҳамманинг кўнглини олишади
Гап фақат одамлар сонидагина эмас, моддий етишмовчилик, исрофгарчилик келтириб чиқарувчи керак-нокерак одатларни тарк этишимизда. Тўғри "Тарки одат - амри маҳол" нақли бежиз айтилмаган. Коронавирус хавфи ана шу қийин ҳолатли одатимиздан ўз хоҳишимиз билан тийилишимизни шарт қилиб қўймоқда. Гап биринчи галда ўз соғлигимизни ўзимиз сақлашга ўрганишимизда, гап қарз ботқоғига ботирувчи тўйларимиз ўрта ҳол оилаларни ҳам қийнаб қўйишидек салбий оқибатларни бошимиздан аритишимизда. Гап саломатлигимизга чанг солувчи коронавирус одамдан одамга ўтиб, ўлим занжирини ҳалқалантириб юборишига йўл қўймаслигимизда. Соғлом турмушимизни ҳалокатдан асраб - авайлашимизда, албатта.
"ГАП"ДАН ГАП ЧИҚСА...
Айтаверсак, тўйларимиз тўғрисидаги фикрларни адоғига етказиш мушкулдан мушкул. Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз бежизмас. Энди шу ўринда кечаги куннинг тўйга ўхшаш иккинчи маросимига тўхталайлик. Бу - ГАП деб аталади. Ҳаммамиз аниқ биламиз, бундан олтмиш-етмиш йиллар аввалги "гап"га чорлаш одатимиз асосан эркаклар ўртасида бошланганди. Яъни кўпроқ қишлоқларда қишнинг узун кечаларида маҳалладошлар, кўчадошлар бир уйга тўпланишиб, гурунг қуришиб, навбатма-навбат тўкин дастурхон ёзишарди. Бу - далада иш бошланадиган илк баҳор палласигача давом этарди, холос. Кейинчалик синфдошлар, курсдошлар, касбдошлар, соҳадошлар ўртасида урфга айланди. Ҳар куни эмас, ҳар ҳафта бир ёки ҳар ойнинг сўнги шанба ёки якшанбасида ўтказилиши одатга кирди. Мустақиллик йилларида яна қариндошларнинг ўзаро оилавий гапга тўпланишлари турмуш тарзимизга айланди. Хотин-қизлар бундай йиғинга хавас қилишиб, ўзлари у ёки бу ресторанда, кафеда ўтириш уюштиришга ружу қўйишди. Камида 15 кишидан тортиб, 30-50 кишигача тўпланадиган шундай гап-гаштак гуруҳлари бор эди "СOVID-19" бошлангунга қадар. Мана, учинчи ойки, улар ўзларини тийиб туришибди. Бу биринчидан, карантин қоидалари тақозоси бўлса, иккинчидан, ҳар бир эркагу аёл ўзининг ва оиласининг саломатлигини сақлаш, коронавирус хавфидан йироқ туриш мақсадини кўзлаётганини билдиради. Кимки, карантин қоидаларига риоя қилмаса, у ўзинигина эмас, ўзгаларни ҳам кўзга кўринмас "ёв"га рўбарў этиб қўйиш эҳтимоли ҳамон кучли. Гапларга бориш ҳозирги пандемия шароитида хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, унинг оқибати уқубатли кечишини тушуниб туришибди. Ҳаливери аввалги ҳаёт тарзимизга тўла қайтишимиз имкони туғиладиганга ўхшамайди. Сабрли ва саботли бўлганимиз маъқул.
БОЗОР БОРИБ, ОЗОР ОЛИБ ҚАЙТМАЙЛИК
Иқтисодий ҳаётда бозорнинг ўрни ҳамиша муҳим бўлиб келган. Бундан кейин ҳам ўзгаришсиз қолаверади. Ахир унинг остонасини ҳатлаган борки, ё бирор нарсасини растага қўяди, ё бирор нарсани харид қилади. Сотувчи билан ҳам, олувчи билан ҳам шундан доимо гавжум. Айниқса, озиқ-овқат савдосини тўхтатиш мумкин эмас. Нега карантин кунларида катта-катта бозорлар ёпиб қўйилди? - деган саволга жавоб тайин: Коронавирус пандемияси бор экан, одамлар саломатлигини иқтисодиётдан вақтинча устун даражада баҳолаш шарт. Боиси, ўша иқтисодиётни ҳам ўнглайдиганлар соғлом инсонлар ҳисобланадилар. Ўта юқумли, ўта шафқатсиз коронавирусни ўзига илаштирган атиги биттагина кимса бозорни ораласа, неча-неча одамни зарарлаб қўйиши аниқ. Ахир бизларнинг бозорларда расталар етмай, очиқ майдонлару йўлакларгача маҳсулотлар ёйилади, орадаги масофа у ёқда турсин, бир-бирига туртиниб-суртиниб ўтиш ҳолатлари мавжудлигини ким ҳам инкор эта оларди. Ажал даракчиси, умр заволи - тождор коронавирус ҳар қадамда ўлжа излаб юрганида бозорнинг эшикларини ланг очиб қўйиш ақлдан эмас, албатта. Кеча бундай хавф йўқ эди, бугун бор! Лекин ҳаёт тўхтамайди. Еб ичиш ҳам шундай. Давлатимиз томонидан бу борада жуда жўяли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан бошланган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати Ўзбекистонимизда меҳр-мурувватли ва саховатли инсонлар кўплигини, улар оғир кунларда бир-бирларига кўмакдошу оқибатли эканликларининг ёрқин намойиши тусига кирди. Сахий ва серҳиммат жамоаларнинг, кишиларнинг сафлари кун сайин кенгайди. Уйда қолганларнинг ҳолларидан бохабарлик муҳити вужудга келтирилди. Ёрдамга муҳтожларни маҳталликка қўйилмади. Уларнинг рўйхатлари маҳалла ва оилани қўллаб-қувватловчи вазирликнинг қуйи идораларида шакллантирилди. Тирикчилик учун ҳамиша зарур нарсалардан иборат мадад маҳсулотлари хонадонларга тарқатиб турилди. Одамларнинг бозорга чиқиш эҳтиёжи бир мунча камайтирилди.
Энг диққатга сазовори, одамлар бозорга эмас, бозорлар одамлар олдига боришига етарли имкониятлар туғдирилди. Дастлаб маҳалла гузарларида, агар хосу мос ибора жоиз бўлса, "юрма", "сайёр", "кўчма" машина-бозорлар пайдо бўлди. Кейин улар бу ҳолат аҳолига маъқулу манзурлигини, савдо-сотиқ чаққонлигини кўришиб, кўчама-кўча юришга одатланишди. Ҳозир урфга айланаётган тилда зикр қилсак, сотувчи-таъминотчи тадбиркорларнинг "бозор йўл харитаси"нинг тармоғи кўпайгандан кўпайди. Одамлар эшигининг тагигача етиб борилди. Ана қулайлигу, мана қулайлик деб юборгимиз келди бу ҳолатдан хурсанд бўлишиб. Боиси, баҳоси катта бозордагидан баланд эмасди, ҳатто арзонлиги жиҳатидан, сифат жиҳатидан маъқул ва манзур маҳсулотлар оилаларнинг қозонини қайнатишга асқотиб қолди. Кўз олдингизга келтиринг: кўчада машинанинг юрма бозорини даракловчи сигналини эшитасиз ёки микрофон орқали чорловни. Тезда оғзи-бурнингизга ниқобни тақасиз. Қўлингизда халта, сават ёки челак. Рўпарангизда "Дамас". Унинг орқа эшиги очиқ. Олиб ташланган ўриндиқлар ўрнида қоп-қоп маҳсулотлар. Сотувчи пастга тарози қўйиб олган. Қўни - қўшнилар билан оралиқ масофани сақлаган ҳолда яқинлашасиз. Янги баҳорги картошканинг ҳар килоси 4000 сўмдан, пиёзники - 1500, сабзиники - 1000, бодрингники - 2000, помидорники 5000. Бу келгуси сафар ё сал кўпайиши, ё сал озайиши мумкин. Нарх ўша тадбиркор-бозорчи маҳсулотларни яқин ёки узоқдан олиб келаётганига, даладаги деҳқоннинг хирмони баракасига, қўли очиқлигига ҳам боғлиқлигини яхши биласиз. Яна хаёлингиздан чиқмасин, бозорга бориб-келишга кетадиган йўлкирагача ёнингизга қоляпти-я...
Хулоса шуки, пандемия шароитида сизни ҳеч ким унутиб қўйгани йўқ. Давлатингиз ва халқингизга кераклисиз, қадрлисиз. Сизнинг соғлигингиз - наинки бугун, эртага ҳам керак. Ўзингизни асрасангиз, карантин қоидаларидан четга чиқмасангиз, бозор қиламан деб озорга юзланишдан сақлансангиз оилангиз учун, жамият учун тегадиган энг катта нафингиз шудир. Асло, асло унута кўрманг. Кечанинг тутуми, кечанинг тартиби бугунга тўғри келмайди!..
Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидладиларки: "Бепарволик пандемияга қарши барча ишларимиз натижасини йўққа чиқариши мумкин". Шунинг учун мамлакатимиздаги вилоят, шаҳар ва туманлар эндиликда "Қизил", "Сариқ" ва "Яшил " ҳудудларга ажратилмоқда. Бу шу ердаги санитария-эпидемиологик ҳолатга қараб, ўзгартириб турилибди. Карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилмоқда.
"ОБЕД"ГА ҚАЕРГА БОРАМИЗ? БОРАДИГАН ОШХОНА
ОЧИЛМАГАН, "ОБЕД"ЛИКНИ ЧАҚИРАМИЗ"
Карантин талаблари юмшатилиши асносида иқтисодиёт тармоқларидан тортиб, ижтимоий муассаса ва ташкилотларгача ўз фаолиятини янгича шароитда давом эттиришга рухсат берилди. Ҳаётнинг ўзи янги тартибларни тақозо этаётган учун бу борадаги муаммолар ҳам ечимсиз қолмайди. Шароитга қараб, шароитга мос тутумлар турмуш тарзимизда шаклланаверади. Эрталабдан ишлаш имконияти яна туғилганига шукроналик туйғуларига тўлиб - тошиб меҳнатга шўнғиймиз. Ақли шууримиз, қўлларимиз ҳаракат ва иш билан бандлиги учун вақтнинг ўтганини сезмай қоламиз. Тушлик пайти бўлгани ҳақида қорнимиз очганда ҳушёр тортамиз. Юзлаб одамлар кундузги 12 билан 13 орасида лиқ тўладиган 100, 200 ва ундан ҳам кўп кишиларни тўйдирадиган катта ошхоналар эса ғиппа берк. Ахир карантин. Очиш мумкин эмас, очилса-чи? Унда балки барчамиз аввалгидай бир вақтда ўша жойларни эгаллаб, оралиқ масофа у ёқда турсин, овқат олиш учун зичлашиб, охир-оқибат кирганлар орасида атиги биргина коронавирусли (ўзи буни билмайди аксарият ҳолларда) одамнинг ҳавога чиқараётган найзадор, шоҳдор "меҳмони"ни ўпкамиз тортиб олишидан асранишга қандай қодирлигимиз бўлиши мумкин. Ниқобимиз ҳам юз фоизли кафолатга эга эмаслигини англасак, беихтиёр сесканиб, сергакланиб кетмаймизми. Хотиржамлик йўқ аҳволда еган-ичган овқатимиз ичимизга тушгани билан на тўйинтиради, на тўлдиради очиққан қорнимизни. Кечаги ошхоналаримизни қўмсагандан кўра, сабр-тоқатдан ажралмайлик.
- Обедга қаерга борамиз? - дейди ҳамкасбингиз.
- Обедни шу ерга чақира қолайлик! - десангиз, сиз энг тўғри танлов қилган, пандемия хавфидан холи яшашни хоҳлаган жавобни қайтарган ҳисобланасиз.
Марҳамат, қўнғироқ қилинг. Ҳозирда буюртмани етказиб берувчи ишхона, кабобхона ва сомсахоналар доимий фаолиятда. Бир неча телефон рақамларини тезда билиб олсангиз кифоя. Биз бу рақамлар реклама ёки эълонга тааллуқли бўлгани учун мазкур мақоламизда уларга эътиборингизни қаратишга ҳақимиз йўқ. Ўзингиз телеграм каналларидан, интернет сайтларидан излашингиз мақсадга мувофиқ. Қолаверса, ҳозир шундай хизматлар тобора оммалашмоқда.
Бугун - кечанинг эртаси экан, ҳеч иккиланмай кечаги куннинг энг мақбул йўлларига бугунги куннинг энг маъқул тутумларини уйғунлаштиришга каттаю-кичик бирдай бурчлимиз. Дунё аҳли қийналаётган, бениҳоя талофат кўраётган, минг-минглаб одамлар жудолигу жабру жафоларга дучорланаётган пандемия шароитида "СOVID-19"га ҳушёрлигимизни, оқиллигимизни, сабру саботимизни зўр матонат билан қарши қўйишда янада астойдил давом этишимиз ҳаётимиздаги омонликни, ишларимиздаги бардавомликни барқарорловчи қудратли омилдир.
Содиқ САЙҲУН.