Жаҳон аҳлини ташвишга солаётган коронавирус инфекциясига қарши кураш мамлакатимизда бўлгани каби, вилоятимизда ҳам изчил олиб борилмоқда. Муҳтарам Президентимиз топшириқлари, Республика махсус комиссияси қарорлари асосида белгиланган чора-тадбирлар ижроси вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилмоқда.

22 май куни Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида ўтказилган брифингда шу ҳақда фикр ва мулоҳазалар юритилди. Унда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов тадбир аввалида вилоятдаги эпидемиологик вазият, коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

Брифинг қатнашчилари эътиборига коронавирус инфекциясига қарши кураш билан боғлиқ фаолиятни ифодаловчи статистик маълумотлар ҳавола этилди. Бинобарин, шу кунгача вилоятда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар 254 кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 89 фоизи бутунлай соғайган. Яъни 224 киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан реабилитацияга ўтказилган. Касалликка чалинганларнинг 100 нафарга яқини реабилитация жараёнларини ҳам тугатиб оиласи бағрига қайтган.

Карантинга олинганлар сони ҳам тобора қисқариб бормоқда. Шундай бўлсада ҳали ҳам хавотирлар йўқ эмас. Шу кунларда юртимизда карантин чекловлари бос­қичма-босқич юмшатилаётгани туфайли берилган эркинликни нотўғри тушуниб, баъзи ҳудудларда аҳоли заруратсиз кўчаларда юришаётгани, карантин қоидаларига амал қилишмаётгани каби ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Бу эса инфекция юқтириш хавфини янада кучайтирмоқда.

Шунинг учун шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, дезинфекция қилиш, тиббий ниқоб тақиб юришни одатга айлантириш каби қоидаларга амалга қилган ҳолда инфекция юқишидан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз зарур.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори биринчи ўринбосари Аҳмаджон Расулов, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Раҳмонжон Абдуллаев, бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўринбосари Давлатали Қосимовлар карантин шароити талаблари, уй карантинидагилар назорати, шахсий ва жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тартиблари ҳақида батафсил тушунча бердилар.