"Маҳорат дарслари"нинг амалий қисми вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида олиб борилди.
Кун давомида тиббиётчи олимлар вилоят жарроҳлари билан ҳамкорликда амалиётлар ўтказишди. Соҳага оид янгиликлар операция жараёнига тадбиқ қилинди.
- Вилоятда кўкрак жарроҳлиги диагностикасини такомиллаштириш, кўкрак қафаси ва кўкс оралиғи аъзолари касалликларини эрта таҳлил қилиш ва даволаш ҳамда касалликларнинг профилактикасини кучайтиришга урғу берилди. Вилоятимиздаги юз нафардан зиёд хирурглар амалий машғулотлардан баҳраманд бўлишди. Кўкс оралиғи хавфли ва хавфсиз ўсмаларини аниқлаш, операция усуллари, уларни қайси шароитда, қандай ўтказиш ўргатилди. Шунингдек, ўпкада эхинококк касалликларининг диагностикаси, операция усуллари, қайталанишининг олдини олиш юзасидан давра суҳбатлари ҳам уюштирилди. Айниқса, ўпкадаги бронхоэктазия касалликларининг бирламчи тиббий санитария бўғинида нафақат вилоят, балки туман тиббиёт бирлашмалари шароитида операция ўтказиш масалаларига диққат-эътибор қаратилди. Амалий машғулотларда тиббиёт фанлари доктори Шуҳрат Худойберганов ва унинг ассистентлари вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази хирурглари билан бирга бир неча мураккаб кўргазмали жарроҳлик амалиётлари ўтказишди. Хусусан, ўнг ўпка пастки бўлагини олиб ташлаш операцияси бир вақтнинг ўзида ўпкадаги кўплаб эхинококк касаллиги бор беморда амалга оширилиб, ижобий самара берди, - деди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, олий тоифали жарроҳ Толибжон Мамадумаров.
"Маҳорат дарслари"даги амалий машғулотлар янги операцияларни тадбиқ этилишига асос бўлади. Тадбир чоғида 15 та янги жарроҳлик амалиёти қўлланилди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.
Муаллиф олган суратлар.