Юртимизда коронавирус касаллиги тарқалиб, унга қарши олиб борилаётган кураш тобора самарали якунланаётган пайтда хусусий секторда фаолият юритаётган шифокорларимиз ҳам бир сафда туриб, ўзларининг кўмакларини аяшмаяпти. Давлат соғлиқни сақлаш муассасалари билан изчил ҳамкорлик ўрнатиб келиняпти.

Жумладан, "АНАМЕД" масъулияти чекланган жамияти жамоаси лаборатория таҳлиллари ўтказишда 10 апрелдан буён фаол қатнашди. Бу ерда 3000 дан зиёд кишида коронавирус инфекцияси бўйича текширув амалга оширилди. Мазкур муассасада барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб қўйилгани айни муддао бўлди.

Касалликка гумон қилинган шахсларни карантинга олиш ғоят муҳим тадбир ҳисобланади. Бундай ҳолатдаги кишиларнинг кўплиги, хориждаги фуқароларимизнинг келтирилиши туфайли уларни тезда жойлаштириш чоралари кўрилди. Ўттиздан зиёд хусусий шифохоналар ҳамюртларимизни ўз бағрига олди. Биринчи бўлиб, "Чортоқ" ва "Косонсой" санаторияси масъулияти чекланган жамияти жамоаси бу борада керакли кўмагини аямади. Яъни улар 411 нафар фуқарога карантин хизматини кўрсатди. "Ойдин шифо"га эса 157 нафар ҳамюртларимиз жойлаштирилди.

Албатта, камсонли ўринга эга бўлган кичик муассасалар ҳам эзгу саъй-ҳаракатдан четда қолмаяпти. "Оромбахш газчи", "Ўзэлектр тармоқ", "Малҳам нам", "Раъно гранд медикал", "Турсуной она", "Шердор медикал", "Рефлекс", "Афзал ортомед сервис", "Мусаффо шифо", "Даво" сингари яна кўплаб МЧЖ, хусусий корхона типидаги нодавлат муассасаларимиз коронавирус балосини даъф этишдек ғоят муҳим юмушга керакли ҳиссаларини қўшмоқда. Уларда 10 нафардан 43 нафаргача кишига ўринлар ажратилди. Стационар шароитлар муҳайё этиб қўйилди.

Мақсадимиз ягона - у ҳам бўлса, Наманганда пандемияга қарши курашда юқори самарадорликка, юқори натижага эришиб, халқимиз ҳаётини муҳофаза қилиш ва сақлаб қолишдир. Ҳадемай вилоятимиз тўла яшил ҳудудга айланади. Ана ўшанда бизнинг хусусий шифохоналаримиз ходимлари ҳам фидоийлик билан тиббий хизмат кўрсатганликлари учун ҳақли равишда фахрланишларига ишончимиз комил.

Назиржон ДАВЛАТОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг лицензиялаш ва аккредитациялаш сектори

 

бош мутахассиси