Бола - оиланинг қувончи, ота-онанинг бахти, ишончи, юртнинг эртанги соҳиби. Бола - авлодлар давомчи, шажаралар халқаси, сулолалар ўринбосари. Бола - борлиғимиз меросхўри ва вориси. Шундан у жон риштамиз сингари суюкли. Шундан у толеимиз кўкида порлаган қуёш. Шундан у хонадонларимиз чироғини ёқиб қолувчи дилбандимиз. Шундан у Ватан ва миллат фарзанди. Шундан у ёруғ оламнинг барқарорлигини таъминловчи ўғил-қиз. Келгусида бири ота, бири она бўлғуси зоти шариф.
Бугунги болаларни чинакамига бахти бекам насллар, дейишга ҳақлимиз. Боболар ва момолар кўрмаган рўшноликни, тўкинчиликни, тараққиётни кўришяпти улар Ватани ҳур, ота-онаси ҳур, ўзи эмин-эркин ҳолда истиқлолли Ўзбекистон бағрида яйраб-яшнаб ўсишяпти, улғайишяпти. "Нега аввалги болаларнинг бахти тўкис эмасди?"-деган савол туғилади кўнглимизда. Маънавиятшунос Султонмурод Олимнинг қуйидаги таҳлилларини эсга оламиз: "Дунёда буюк тушунчалар, муқаддас қадриятлар кўп. Лекин уч тушунчанинг булар орасида айрича ўрни ва алоҳида аҳамияти бор. Бу халқ, Ватан ва давлат. Уларни бир-биридан айри ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Халқ бўлмаса, Ватан ва давлат тушунчаларига эҳтиёж ҳам қолмайди. Ватан бўлмаса, халқ қаерда яшайди-ю, қай гўшада давлат қуради? Халқ бўлса-ю, Ватан бўлса-ю, давлат бўлмаса, бу халқ ва Ватаннинг бахти кемтик.
Тўғри, 1991 йилнинг 31 августига қадар ҳам халқимиз бор эди. Демак, Ватан ҳам бор эди. Фақат нима йўқ эди? Халқнинг қўлида миллий далати йўқ эди. Бошида ўз давлати йўқ халқнинг пешонаси шўр, бахти ҳам яримта. Ўз-ўзидан нони ҳам бутун эмас". Ана ўшандай армонли, ўксимли, ўкинчли қисматга Истиқлол нуқта қўйди. Мустақиллик наинки бобо-момолар, наинки ота-оналар, балки туғилган ва туғилаётган миллионлаб болалар ҳаётида ҳам янгича даврни бошлаб берди. Бир кам ўттиз йилки, фарзандларимиз эркин мамлакатнинг эркин авлоди номига муносиб ҳаётдан баҳраманд бўлиб келишмоқда.
Истиқлол йилларида оилага, аёлга ва болага бўлган эътибор юқори даражага кўтарилди. 1998 йил -"Оила йили", 1999 йили -"Аёллар йили", 2000 йил "Соғлом авлод йили", 2001 йили - "Оналар ва болалар йили", 2005 йили "Сиҳат-саломатлик йили", 2007 йили йили - "Ижтимоий ҳимоя йили" сифатида тарихга кирди. Ва айни маҳалда алоҳида-алоҳида Давлат дастурлари қабул қилиниб, уларнинг ижроси пунктма-пункт таъминланди.
Биз, ўзбеклар сербола ва болажон миллатмиз. Шундай экан, соғлом фарзанд кўриш учун жамиятга мос ва муносиб тарбиялаш борасидаги удумларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизга эгамиз. Турмуш тарзимиз меҳрга йўғрилган. Фарзанд деса, жонини берадиган ўзбек учун зурриёдсизлик улкан фожеа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам тирноққа зор яшашни ҳеч ким истамайди. Бола сақлаб олади, етимнинг бошини силайди, боқади, улғайтиради. Ҳатто бегонанинг ўғил-қизини ўзиникидай ардоқлайди. Агар тарихга назар ташласак, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши даврида уруш кетаётган ўлкалардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган рус, украин, белорус, татар ва бошқа миллатларнинг ота-онасиз қолган етим-есирларидан 200 мингини ўзбеклар ўз болалари сафларига қўшиб олишганини кўрамиз. Ўша кунларни эслаган қарияларнинг айтишларича, ўзбек оналари, ёши катта эркаклари ҳам поезд вокзалида худди нонга келгандек бола учун қатор-қатор навбатда туришган. Кўпчилик 1-2 нафардан, баъзилар 3-4 нафардан ўғил-қизларни қарамоқларига, паноҳларига олишган. "Сен етим эмассан" фильмидаги ўндан зиёд болага бағрини очган кекса отахон ва онахон эса асло бадиий тўқима эмас. Тошкентдаги ҳаётий ҳақиқатнинг ўзи акс эттирилган. Бу Шомақсудовлар оиласи эди. Шунга ҳам салкам саксон йил бўлибди-я! Ҳозирда пойтахт шаҳарда ўзбек оилалари меҳру матонатига қўйилган ҳайкал-монумент ҳамманинг ҳайратини оширади. Унга қараб, биз бобо ва момоларимиздан чексиз фахр туйишимиз табиий, албатта.
Мустақил мамлакатимиз Конституциясида мактаб таълими барча болалар учун бепул ва мажбурийлиги кафолатлаб қўйилган. Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига ўтгани эса, мактабгача таълим ташкилотлари ойдан-ойга кўпайиб, уларда тарбияланаётганлар сони муттасил ортиб бораётганида янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Чунки, боласидан кўнгли тўқ ота-онага хотиржам меҳнат қилиш имконияти яралади. Шу боис, давлат шерикчилиги асосидаги хусусий таълим шахобчалари очишга ҳам кенг йўл берилмоқда. Керагича имтиёзлар жорий этилаётгани болаларга ғамхўрликнинг ўзбекона, ҳавас қилса арзигудек қирраларидан далолатдир. Бизнинг озод ва обод мамлакатимизда болаларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатига айланган. Ҳали чақалоқ туғилмасидан у ҳақда ғамхўрлик қилинади. Яъни "Соғлом она - соғлом бола" шиори амалиёт тусига киритилган. Барча туман ва шаҳарлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари бўлиб, улар аниқ йўналиш бўйича белгиланган вазифаларнинг изчил бажарилишини таъминлаш билан шуғулланади. Туғруқ комплекслари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари ҳамда врачлик пунктлари жамоаси ҳомиладор аёллар саломатлигига эришиш, соғлом чақалоқлар дунёга келишини таъминлаш учун масъул ҳисобланадилар.
Вилоятимизда туғма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоят "Она ва бола скрининг" маркази, унинг барча тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги скрининг хоналарида йил давомида ҳомиладорлар УТТ текширувидан ўтказиляпти. Хавфли, нуқсонли ҳомиладорликни даволаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Кўнгилсиз ҳолатларнинг олди ўз вақтида олинмоқда.
Шунингдек, вилоят перинатал маркази жамоаси она ва бола муҳофазасига дахлдор юмушларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу ерда ўз касбининг чинакам усталари бўлган акушер-гинекологлар, неанотологлар, жарроҳлар ишлашади. Улар орасида юқори малакали, олий тоифали мутахассислар кўпчиликни ташкил қилади. Бир неча тиббиёт фанлари номзодлари илмий-тадқиқотлар олиб боришади. Натижада назария билан амалиётнинг уйғунлигига эришилмоқда.
Ҳозирда вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида кичик беморларни даволашда катта ютуқлар қўлга киритилмоқда. Наманганлик шифокорлар хорижлик ҳамкасблари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишган.
Биргаликда мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли уддаланмоқда. Шунингдек, Наманган шаҳар болалар шифохонасининг фаолияти ҳам йилдан йилга такомиллаштирилмоқда.
Болалар саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашда "Чортоқ" болалар санаторийси, Намангандаги силга чалинган болаларни даволовчи ва таълим берувчи санаторий вилоятга хизмат кўрсатмоқда. "Бешкапа" болалар санаторийси ҳам худди шундай муассасалар типига киради.
Демак, дардманд болаларни соғломлар сафига ўтказиш масаласига жиддий эътибор қаратилган. Ҳеч қайси бола назоратдан, кўрикдан, тиббий кўмакдан четда қолмаяпти.
Ёзги дам олиш ва соғломлаштириш мавсумига ҳар йили пухта тараддуд кўриларди. Болалар барча шароитлари муҳайё оромгоҳлар бағрига юбориларди. Бу йилги кутилмаган пандемия шундай эзгу тадбирга ҳалақит бергани ҳаммага аён. Уларнинг саломатликларини хавфга қўймаслик учун кўпчилик йиғиладиган бундай муассасалар эшикларини очиш ҳозирча карантин талабларига мувофиқ келмаслигини яхши биламиз. Лекин фарзандларимиз асло ўксинмасинлар. Бу вақтинчалик ҳолат, холос. Ҳадемай аввалгидек хотиржамлик, санитария-эпидемиологик осойишталик юртимизга қайтади. Яна болаларимиз эмин-эркин, яйраб-яшнаб яшайдилар. Ҳозирда уйда, ота-оналари қучоғида юрганлари мақсадга мувофиқ.
Байрамингиз муборак, Ватаннинг бахтиёр ўғил-қизлари! Сизлар эртанги кунимиз эгаларисиз, ҳаётимиз давомчиларисиз. Ҳар бирингизнинг соғлигингиз, аъло кайфиятингиз, ҳаётга иштиёқингиз, орзу умидларингиз нафқат оилангиз учун, айни чоғда Ватанингиз Ўзбекистон учун ҳам ҳамиша қадр-қимматга эга. Буни ҳеч қачон унутманг!.