Учқўрғон туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти, Республика Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ва туман ҳокимликларининг мамлакатга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасидаги қарор, фармонларининг ижросини таъминлаш борасида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудларда махсус комиссия бошчилигида тезкор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, касаллик ўчоқларида эпидемиологик суруштирув, тиббий маслаҳат ва дезинфекция ва эвакобригадалар ташкил этилди.
Коронавирус инфекциясига гумон қилинган ҳолларда белгиланган тартибда хабар бериш, касалликни изоляция қилиш, госпитализация ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш бўйича барча даволаш-профилактика муассасаларда ўқув семинарлар ташкил этилди. Тажрибали мутахасислар томонидан вилоят телевидениеси ва радиоси, вилоят, туман ҳокимлиги газеталарида туркум кўрсатув, эшиттириш, мақолалар бериб борилди.
Ҳудудда 4 та кириш-чиқиш блок постлари ташкил этилди. Педагогика коллежи ётоқхонаси, "Диёра медспорт сервис" хусусий шифохонаси, "Ниҳол саломатлик сиҳатгоҳи" МЧЖ, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли биноларда жами 345 ўринли карантин муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Туман СЭОМ ходимлари, Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тавсия этилган 60 нафар дезинфекторлар 86 та автомакс, гидропультлар билан таъминланди. Туман фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бўлими, фермер хўжаликлари томонидан ажратилган 12 та ОВХ ва махсус машиналар кўмагида шу кунгача 3340953 метр квадрат майдон, кириб чиқаётган барча транспортларга гидрохлорид кальций, биохлор актив моддаси билан ишлов берилди.
2020 йилнинг шу кунига қадар чет мамлакатлардан келган барча фуқаролар 14 кунлик уй карантинига олиниб, эпидемиологик ва тиббий кузатувлар олиб борилди. Беморлар билан мулоқатда бўлган шахслар рўйхати тезкор шакллантирилиб, тез тиббий ёрдам ходимлари билан ҳамкорликда карантинга олинди.
Азиз ҳамюртлар! Юқоридаги факт ва рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, мамлакатимизда коронавирусга қарши курашиш борасида кескин чоралар қўрилмоқда. Шундай экан, барча-барчангиздан энг аввало уйда, иш жойингизда бўладими санитария-эпидемиологик қоидаларига тўла риоя қилишингиз шартлигини эслатиб ўтамиз.
Унутманг! Агар барчамиз бир тану-бир жон бўлсак, ягона мақсад йўлида янада жипсроқ бирлашсак коронавирусдек кутилмаган дарддан албатта ғалаба қозонамиз.
Раънохон ИБРАГИМОВА,
Учқўрғон туман СЭОМ
бош врачи.