Бугунги кунда коронавирус инфекциясига қарши курашаётган фидойилар сафида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи, олий тоифали инфекционист Жакбарали Қурбонов ҳам бор. У узоқ йиллардан буён шу соҳада ҳормай-толмай меҳнат қилиб келмоқда.

Хушмуомила ва уддабурон раҳбар Жакбарали Акбаралиевич яхшигина жамоатчи ва ташкилотчи, ўз касбининг моҳир устаси. Ҳозирда 525 нафар тиббиёт ходимининг оқил етакчиси.

Шу кунларда бош шифокор билан фақатгина телефон орқали ҳол сўрашиш мумкин. Пандемия туфайли Наманган вилоятидаги коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни соғломлаштиришга у шахсан масъул. Аҳил жамоаси билан туну кун беморлар тепасида. Астойдил саъй-ҳаракатлари самараси тобора яққолроқ кўзга ташланмоқда. Оғир дардга чалинган беморлардан 247 нафари соғ­лом ҳаётга қайтарилди.

Жакбарали Акбаралиевич жорий йилнинг 24 март куни коронавирус деган бало билан курашиш учун вилоят юқумли касалликлар шифохонаси жамоа билан ишга киришиб кетганича ҳали ҳануз иш жойидан бир қадам ҳам жилгани йўқ. Бор билими ва куч-ғайратини сарфлаган ҳолда қатъият билан хизмат қилмоқда. Даволаш ишларини Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган стандартлар асосида йўлга қўйиш, дори-дармон ва тиббиёт ашёлари доимий таъминотини яратиш ҳамда жамоа фаолиятини изчил ташкил этиш, тиббиёт ходимлари меҳнати муҳофазаси-ю ижтимоий ҳимояси масалалари ҳамишалик диққат-эътиборида.

Биз касбига содиқ шифокор ва тажрибали раҳбар Жакбарали Қурбонов бошчилигидаги жамоанинг зиммаларидаги ўта масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этиб, коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларнинг барчасини соғломлаштиришга эришишига ишонамиз. Уларга бу борада омадлар ёр бўлсин, деймиз.

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика

Кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси.