- дейди вилоят наркология диспансери бош шифокори ўринбосари Авазбек Абдиназаров.

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар бошчилигида тутунли заҳри қотилга қарши кураш олиб борилаётган бўлса-да, бу иллатни батамом бартараф этишнинг имкони бўлмаяпти. Ҳусусан, бизнинг мамлакатимизда ҳам. Мисол учун, сайёрамизнинг экологик софлигини таъминлаш, чекиш билан боғлиқ хасталиклар ва ўлимни камайтириш, келгуси авлодни ҳар томонлама соғлом ҳамда баркамол этиб вояга етказиш мақсадида 1988 йилдан буён 31 май Жаҳон чекишга қарши кураш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу куни бутун дунёда чекишнинг салбий оқибатларини кўрсатиш, башариятни бу иллатдан воз кечишга чақириш, кашандалик билан боғлиқ хасталикларни камайтиришга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар яна бир карра огоҳликка чорланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сигарет таркибида 196 хил зарарли моддалар мавжуд. Ундан 14 таси гиёҳванд ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тамаки пассив наркотик деб эълон қилинган.

Мамлакатимизда тамаки маҳсулотлари рекламаси мутлақо тақиқланган. Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган нуқталарда, жамоат жойларида, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотлари истеъмоли қатъиян ман қилинган. 20 ёшга тўлмаганларга уни сотиш мумкин эмас. Тамаки сотувчи савдо объектлари таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр узоқликда жойлашган бўлиши зарур. Юқоридаги тартиб-қоидаларни бузган шахслар ва мансабдорлар жавобгарликка тортилади.

Кашандалик худди ичкиликбозлик, гиёҳвандлик иллатлари каби ижтимоий, ахлоқий ва маънавий омиллар билан боғланган. Кашандаликнинг кўпайиши жамиятнинг ижтимоий устунлари зарар кўришига, ахлоқий қадриятлар кучсизланишига ва маънавият емирилишига сабаб бўлади. Кашандалик нафақат шахслар, балки давлатнинг иқтисодиётига ҳам катта зарар етказувчи иллат.

Чекишни ташламоқчимисиз, унда тезда тамакини рад қилиш кунини белгиланг! Уйдаги, ишдаги, машинадаги барча сигарет, кулдон, гугурт ва бошқа воситалардан холос бўлиш керак. Уйда, машинангизда чекишни ман қилиб, ўзингизни чалғитишга ҳаракат қилинг. Агар қаттиқ хумор сизни тарк этмаса, ким биландир гаплашишга ёки ёқимли бирон бир иш билан шуғулланишга ҳаракат қилинг: биринчи кунлари одатий кун тартибингизни ўзгартиринг; алкоголли ичимликлар ичманг; стрессни камайтириш учун иссиқ ванна қабул қилинг, жисмонан фаол бўлинг; китоб ўқинг; кўпроқ сув ва шарбат ичинг; ҳисоблаб кўринг, чекишни ташлаганингиздан бери қанча пул тежаб қолдингиз ва бу пулга ўзингиз учун совға олинг. Тамакига тобеликдан қутулиш учун шифокорга мурожаат қилиш ҳам мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Мутахассис шифокор қайси усул сизга тўғри келишини ҳал қилади. Қийинчиликларга қарши курашинг. Ёдда тутинг: кўпчилик инсонлар чекишни бир неча маротаба ташлашга ҳаракат қилганларида мақсадларига эришадилар. Шу сабаб, бўшашманг, сиз ҳам чекишни ташлашнинг уддасидан чиқасиз!

Манзура ЭРГАШЕВА

ёзиб олди.