Covid-19 коронавирус пандемияси инсониятни мисли кўрилмаган даражада даҳшатга солди. Тилсиз ёв каби кутилмаганда пайдо бўлиб, бегуноҳ инсонларнинг умрига завол бўлди.

Бу мураккаб ва синовли кунлар ўзбекистонликларни ҳам четлаб ўтмади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамоликларида коронавирус пандемияси пайдо бўлган кундан бошлаб уни бартараф этиш чора-тадбирларига киришилди. Ҳар бир фуқаро соғлиги ва унинг ҳаёти муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур касалликка чалинган беморлар ва касалликка гумондорларга давлатимиз томонидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ўз ихтиёрлари ҳамда ташаббуслари билан турли тадбиркорлик субъект­лари катта молиявий кўмак бераётганлари таҳсинга сазовордир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан алоқа ўрнатган ҳолатда зарурий маслаҳатлар олинди. Хорижий давлатларга чиққан ватандошларимиз махсус чартер рейслар билан мамлакатимизга олиб келиндилар. Айниқса, карантин эълон қилингани ва улар саломатлигини ўйлаб кенг кўламли чекловлар жорий этилиши касаллик тарқалишини олдини олди. Ҳозирги кунда ушбу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда, яъни касалликка чалинган беморлар бирин-кетин тузалиб, ўз оиласи, яқинлари бағрига қайтмоқдалар.

Коронавирус пандемияси даврида шифокорлар чиндан ҳам касб­ларига садоқат намунасини кўрсата олдилар. Улар оилалари, яқинларидан узоқда беморларни ҳаётга қайтариш учун туну кун хизматда бўлмоқдалар. Улар ҳақиқий кун қаҳрамонларига айландилар. Мамлакатимизда ушбу фидокор шифокорларни даволаш чоғида беморлардан касаллик юқишини олдини олиш учун ҳимоя воситалари, касалхоналар қуриш, жиҳозлаш, янги клиникалар, карантин мажмуалари ташкил этиш учун 3,5 триллион сўм маблағ ажратилди ва сарфланаяпти. Ҳозиргача милиард-милиард сўм ҳомийлик ёрдами йиғилди.

"Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фонди орқали 71 миллиард сўм маблағ жамланди. Тиббиёт муассасаларининг қурилиши учун 407 миллиард сўм ажратилди. Ижтимоий ҳимоя, яъни жамоат ишларини ташкил этиш учун биринчи босқичда 50 миллиард сўм берилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига кредитларнинг фоиз харажатларини қисман қоплаш ва кредит суммасининг 50 фоизигача кафолат бериш меҳанизми жорий этилиши, янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилга узайтирилиши, шунингдек, ипотека кредитининг энг юқори чегарасини бозор талаблари асосида кўпайтириш кераклиги, 3 минг 800 та тадбиркорнинг ижара тўловлари жорий йилнинг сентябр ойигача олинмаслиги белгиланди.

Шунингдек, Президентимиз хал­қимизнинг тарихий ва маънавий қадриятлари, меҳр-саҳоват, оқибат ва қиммат каби юксак фазилатларини инобат олган ҳолда, "Саҳоват ва кўмак" умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Ушбу ташаббус халқимиз томонидан кенг қулоч ёйди.

Жамиятда юзага келган бу оғир ҳолат фақат бугунгина содир бўлмаганлиги, ҳатто бундан 1400 йил аввал ҳам бўлганлиги ҳадиси шарифда шундай ёзилган ҳолда қайд этилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирор ерда вабо чиққанини эшитсангиз у ерга борманг, агар сиз турган ерда вабо тарқаса у ердан қочиб чиқманг", деганларини асос қилиб, бугун биз "уйда бўлиб" сабр қилишлигимиз зарурлиги диний тушунчалар асосида кенг оммага тушунтирилди. Тарғибот ишлари телевидение ва бошқа воситалар олиб борилди. Унга жавобан мамлакатимизда "уйда қолинг" шиори остида барча ўзи ва яқинлари ҳаётини сақлашга астойдил киришди. Фаолиятлари масофавий таълим асосида олиб борилмоқда.

Карантин даврида Халқ қабулхоналари олдида аҳоли мурожаатлари билан ишлашни узлуксиз, бир меъёрда ташкил этиш, долзарб муаммоларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва самарали ижросини таъминлаш пировард вазифа бўлиб турибди. Ушбу мақсадда ҳар бир Халқ қабулхонаси қошида "Тезкор ишчи гуруҳ штаблари" тузилиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда аҳоли учун "ишонч телефонлари" ташкил этилди. Мазкур ҳамкорлик орқали кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли оилалар, боқувчиси бўлмаган оилаларга ҳайрия ёрдамлари, озиқ-овқат, тиббий ёрдам, дори-дармон, электр, сув, газ таъминоти каби муҳим масалалар билан боғлиқ бўлган мурожаатларни қисқа муддатларда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Тезкор тиббий муолажаларни талаб этадиган мурожаатлар ҳам Халқ қабулхоналарининг алоҳида эътиборида. Мазкур ҳолатлар бў­йича соғлиқни сақлаш бирлашмалари билан ҳамкорликда фуқароларга ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Фуқаролар соғлиғини, айниқса, узлуксиз равишда ҳаётий зарур муолажалар олиш (гемодиализ, химиотерапия ва бошқа оғир касалликлар) дори-дармон истеъмол қилиш (диабет, эндокрин ва бошқа касалликлар) билан боғлиқ муаммолар ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Шу билан бирга, Президент Халқ қабулхоналарининг оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга кўмак кўрсатиш борасидаги ишларида "маҳалла - сектор - Халқ қабулхонаси - маҳалла" тизими ҳам яхши самара бермоқда. Мазкур жараёнларга жойлардаги савобталаб, саҳоватпеша ҳомийлар ҳам кенг жалб этилмоқда. Жумладан, оғир аҳволдаги ҳар бир оилага 1 қон ун, 10 кг картошка, 5 кг сабзи, 5 кг пиёз, 1 кг гўшт, 2 кг шакар, 5 кг гуруч ва 5 литр ўсимлик ёғи етказиб берилди. Бу каби ишлар Президент Халқ қабулхоналари томонидан барча ҳудудларда изчил давом эттириляпти.

"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйилиши халқимизни бир-бирига меҳр-оқибатлик, мурувватли бўлиш, инсон қадр-қимматини эъзозлаш каби туйғуларини юксалтирмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳаёт давом этмоқда. Бундай шароитда ўз имкониятларимизни инобатга олган ҳолда ишларимизни узлуксиз юзага келган ҳолатни ўзи тақозо этмоқда. Ушбу ҳолатни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари Республика комиссиясига коронавирус умуман аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш чораларини кўриш бўйича топшириқ бериб, фаолияти тикланадиган объектларда ишлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилиши лозимлиги ҳақида кўрсатма бердилар.

Бундай вазият мамлакатнинг рақамли иқтисодиётга ўтиш имкониятларини тезроқ амалга оширишни кўрсатиб бермоқда. Бунда айрим тармоқларнинг масофавий ишлаши, таннарх харажатлари қисқариши ҳисобига самарадорлик ошишига олиб келиши табиий. Шу боисдан рақамли иқтисодиёт имкониятларидан "маҳалла" тизимида янада кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бугун эса халқимиз яна бир синовни бошидан кечирмоқда. Сирдарё вилоятидаги жорий йилнинг 1 май куни "Сардоба" сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши оқибатида сув оқими аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказди. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев вазиятга баҳо берар экан, "Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди" дея таъкидладилар. Бундай вазиятда ҳар бир инсон, албатта, ватандошлари кўнглига таскин бериши, уларнинг ҳолидан хабар олишни ўз бурчи деб билмоқда.

Тарих саҳифаларидан маълумки, биз бардошли халқмиз. Оғир кунларда бир неча бор синалганмиз. Ҳалол меҳнатларимиз, Исломий иймон-эътиқодимиз, панд-насиҳатларга амал қилишимиз ва сабр-тоқатимиз эвазига пок ниятларимизга эришиб келганмиз. Саховатли, оқибатли бўлайлик. Зеро, бу каби туйғулар биз авлодларга аждодлардан иборат.

Одилжон ЖАКБАРОВ,

НамМҚИ ёшлар билан ишлаш бўйича проректори,

Собитхон ҲОШИМОВ,

НамМҚИ информатика ва АТ кафедраси доценти.