Солижон МЎМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

Ҳаёт - инсон учун бир марта бериладиган олий неъмат. Унинг қадр-қиммати шунга монанд ҳамиша бебаҳо бўлиб қолаверади. Инсон умри ҳаловатининг асоси эса тани сиҳатлигида. Соғлигимизни асрай олсаккина яшаш завқидан, қувончу шодликларидан ҳеч қачон бебаҳра қолмаймиз. Тиббиётчиларимизнинг туну кун фаоллиги, ўз вазифасига юксак масъулият билан ёндошиши халқимиз саломатлиги барқарорлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Буни айниқса,коронавирус пандемияси авж олган фавқулодда ҳолат чоғида барча яққол кўрмоқда. Беморларнинг энг яқин нажоткори врачу ҳамширалар эканини чуқур ҳис этишиб, ихлосу ишончлари тобора орт­моқда, десак асло янг­лишмаймиз.

Мана, мамлакатимизда Covid-19 га қарши кураш жараёнида карантин ҳолати жорий қилинганидан буён икки ой кечди. Қисқа муддат мобайнида қатъий тиббий талабларга мувофиқ янгича турмуш тарзи шакллантирилди. Одамлар бир биридан масофада туриб алоқага киришишга, ҳар ким ўз уйида, оиласи бағрида яшаб, жамият аъзолари билан мобиль телефонлари, интернет тармоқларида муносабат ўрнатишга ўтдилар. Зарурият чоғида кўчага чиққанда ҳам тиббий ниқоб тақиб юриш кўникмаси ҳосил қилинди. Шулар туфайли соғлигимизга катта хавф туғдираётган шафқатсиз вирусни даф этиш курашида кучларни чинакамига бирлаштиришга эришилди. Бу - бизнинг беқиёс ютуғимиздир. Чунки, одамдан одамга юқиб, занжирсимон халқалари билан ҳаётимизга тажоввуз солган кўзга кўринмас вируснинг аҳоли ўртасида ёйилиб кетишига заррача имкон берилмади.

Янгича тараққиётнинг янги бос­қичига қадам қўйилган бир шароитда рўй берган оламий фалокат халқимизга катта талофат етказишининг ўз вақтида олди олиниб қолинди. Коронавирусдан вафот этганларнинг сони мамлакатимизда бармоқ билан санарли, холос. Агар жаҳонда шу касалликдан қаттиқ озор чеккан юртларга солиштирсак, биздаги ҳолатнинг мўъжизадан кам эмаслиги ёрқинроқ намоён бўлади.

Дунёнинг атанган давлатлари - Хитой, АҚШ, Италия, Испания, Буюк Британия, Франция ва бош­қа жойларда минг-минглаб фуқаролар коронавирус қурбонига айланишди. Бизда эса, фожеа у қадар даҳшатли тусга киришига йўл қўйилмади. Сабаби, аввало, Президентимизнинг раҳнамолигида давлатимиз барча фуқароларини сира кечиктирмасдан ўз паноҳига олди. Инсонларнинг ҳаёти пул ва бойликдан устун баҳоланди. Ҳатто хориждаги фуқароларимизгача ҳаво кемаларида алоҳида рейслар ташкил қилиниб, зудликда Ўзбекистонга келтирилди. Уларнинг ҳаммаси дастлаб, тиббий назоратда тутилди, кейин эса махсус тестлар ўтказилиб, касалликка чалинганларини давлат ҳисобидан бепул даволаш чора-тадбирлари белгиланди.

Жумладан, вилоятимиздаги "Косонсой","Чортоқ" санаториялари, Тўрақўрғон ва Чуст туманидаги юқумли касалликлар шифохоналарида хориждан қайтган ҳамюрт­ларимиз саломатлиги кузатувга олинган бўлса, етмишдан ортиқ тиббий муассасаларда касалликни юқтирганлар билан мулоқотда бўлганлар карантин тадбирларига жалб этилди. Аслида бу шунчаки шошилинч чоралар эмасди. Олдиндан кўзланган аниқ ҳаракатларнинг бошланиши эди, десак тўғри бўлади. Вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакилларидан иборат махсус штаб кечаю-кундуз фаолият юритмоқда.

Чунончи, бошқармамиз қошидаги ўн кишидан иборат тиббий штаб 70 дан зиёд даволаш-профилактика муассасаларидаги коронавирусга қарши олиб борилаётган кенг қамровли тиббий тадбирларнинг муваффақияти учун масъул. Вазифаларни, топшириқларни етказади, бажарилишини назоратда тутади, зарур амалий ва назарий кўмакларни уюштиради. Айни пайтда карантин муассасаларидаги 700 нафардан зиёд врачу ҳамшираларимиз ҳудди аскарлардек касалликни олдини олиш бў­йича курашишмоқда.Очиғини айт­ганда, ўзгаларнинг жонини омон сақлаб қолиш учун ўз жонларини хавфга қўйишдан ҳам чўчишмаяпти. Бу, уларнинг қасамларига содиқлигидан, садоқатидан нишона албатта.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида жасорат кўрсатиб, беморларни ҳаётга қайтараётган саломатлик посбонларининг фидойилиги таҳсинга лойиқ. Уларнинг мислсиз матонати ҳақида ҳали кўп ёзилади. Масалан, шифохона бош ҳамшираси Машҳура Обидова уч яшар фарзандини оиласи бағрига ташлаб, ўзи неча ҳафта вирусни юқтирганларни даволаш ишларига бош-қош бўлди. Саломатликни қайта тиклаш шифохонаси врачи Иброҳимжон Исмадиёров туғилган кунини шифохонада нишонлади. Бундай касб­дошларимизнинг орамизда кўплиги кўнглимизда чексиз фахр уйғотади.

2020 йилнинг март, апрель ва май ойлари наманганлик тиббиётчилар учун ҳам фидойилик ва матонат синови даври сифатида тарихий оламшумул аҳамият касб этмоқда. Мамнуният билан таъкидлашимиз жоизки, биз бу синовда Юртбошимиз билан бирга коронавирусни енгишга қодирлигимизни чуқур англаб етдик. Аввало, уч йил муқаддам бошланган тиббий-ислоҳий ўзгаришларнинг жадаллиги ва изчиллиги, соҳадошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг беқиёслиги ҳар биримизга баланд руҳ, битмас - туганмас куч-қувват бағишлаб келаётган эди. Шунинг учун жаҳон оммасини ваҳимага сол­ган, даҳшатга туширган коронавирус офати олдида ҳеч эсанкираб ўтирмадик. Дадил курашга отландик, энди эса, кунма-кун соғломлашаётганлар сафи кенгаймоқда. Шифокорларимиз шаънига олқиш устига олқишлар ёғилмоқда. Мен буни шифохоналаримизда билимдон ва юқори малакали мутахассисларимиздан муолажалар олиб, соғлиқларини қисқа фурсатда тиклаб чиқаётганларни кузатиш пайтида кўп бор эшитяпман. Одамларимизнинг шифокорларимизга меҳру муҳаббати янада кучаймоқда. Бу ҳақда Президентимиз селектор йиғилишларида қайта-қайта мамнуният билан гапирмоқдалар. Шифокорларимизнинг коронавирусга қарши курашдаги матонатларини қаҳрамонлик, дея таъкидламоқдалар. Улар хизматларига яраша моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда.

Демак, инсонпарварлик тамойили устувор юртимизда коронавирусга чалинганларни даволаш, шубҳа қилинганларни эса тестдан ўтказиш бепул ва беминнат амалга оширилаётган экан, шундай саломатлигимизни кафолатловчи Ўзбекистондек юртнинг фуқароси ва тиббиётчиси бўлганимизга мингдан-минг шукроналар айтсак арзийди. Зоти шариф инсоннинг соғ-саломат яшаши курраи заминимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлайди. Авлодлар учун биздан, албатта, обод юрт, тани ва ақли соғлом ҳамда қудратли халқ қолади.

Бизлар дунё тиббиётининг алломаси Абу Али ибн Синонинг ворисларимиз. Аждодимизга муносиб авлод бўлишга доимо бурчлимиз. Фидокорлик шифокорларимизнинг юксак фазилати эканини бирор лаҳза унутмаслигимиз шарт.