Аввал хабар қилганимиздек, коронавирус инфекциясига қарши курашиб, катта тажриба тўплаган хитойлик шифокорлар мамлакатимизга келишди. Меҳмонларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ҳамда коронавирус инфекцияси тар­қалишининг олдини олиш бў­йича иш олиб бораётган марказий штаб вакиллари кутиб олишди.

Хитойлик шифокорлар гуруҳи дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ташкилланган видеоконференцияда иштирок этдилар. Тадбир олдидан бўлиб ўтган мулоқот чоғида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов Намангандаги эпидемиологик вазият ва уни барқарорлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Карантин тадбирларининг кўлами, коронавирусга чалинган беморларни соғайтириш бўйича амалга оширалаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Бошқармадаги ахборот-коммуникация технологиялари тармоқлари шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари билан боғланган эди. Шу тариқа онлайн тарздаги видеомаслаҳатлашув бошланди. Норин тумани, Наманган тумани, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаларидан, вилоят болалар кўп тамоқли тиббиёт маркази ва бошқа муассасалардан тушган саволларга хитойлик мутахассислар батафсил жавоб қайтаришди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида олиб борилаётган даволаш ишлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шифохонадаги мутахассислар савол-жавоблар чоғида касалликни самарали бартараф этиш юзасидан фикрлашиб олдилар.

Видеомаслаҳатлашув чоғида чин юрти вакиллари Хитойда эпидемия даврида кўрилган чоралар, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш борасидаги тад­қиқотлар ҳақида айтиб, коронавирус инфек­цияси тар­қалишининг олдини олиш, айниқса тиббиёт ходимларини ишончли ҳимоялаш бўича нималарга эътибор қаратилиши лозимлиги хусусида тавсиялар бердилар.

-  Биз Ўзбекистоннинг жуда кўп жойларида бўлдик. Коронавирус инфекциясига қарши таъсирчан чоралар кўрилган. Демак, давлат томонидан кўрилаётган чораларни аҳоли қўллаб- қувватлаяпти. Ҳукумат билан халқ ўртасидаги алоқа жуда яхши ўрнатилган. Ҳозирги шароитда биринчи қиладиган ишимиз профилактикани яхши йўлга қўйиш. Вакцина топилмаган бўлса ҳам касаллик тарқалишини шу йўл билан жиловлаш мумкин. Яқин орада осойишта ҳаётга қайтилади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки,Ўзбекистон ва Хитой азалдан ҳамкор. Шунинг учун ҳам мамлакатингизга беғараз ёрдамга келдик. Тавсия ва маслаҳатларимиз билан коронавирус инфекцияси хавфини камайтиришга кўмак берамиз. Дўст­лигимиз абадий бўлсин, - дейди доктор Ванг Ван Чун.

Хитойлик шифокорлар куннинг иккинчи ярмида Поп туманида барпо этилаётган карантин-кузатув пункти ва 160 ўринли шифохона қурилиши билан танишдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.