Халқимиз шундай дориломон кунларга етиб келгунга қадар ҳаётнинг не-не синовларидан мардона ўтди. Бу йўлда катта йўқотишлар ҳам бўлди. Пок ниятли ота-боболаримиз адолатни қарор топтириш, яхши ҳаётга эришиш учун мислсиз курашдилар. Ёвузликларга қарши мардона бориб, зарур бўлса, жонларини фидо этдилар. Зеро, ўтганларни эслаш - халқимизнинг энг эзгу одатларидан бирига айланиб кетган.
Йўқларни йўқламоқ бебаҳо савоб,
Хотира барҳаёт - деманг уни туш.
Япроқмиз ярашар илдизга таъвоф,
Аслида энг катта гуноҳ унутиш.
Шундай экан, бизлар учун ватандошларимиз яқин ўтмишида бошдан кечирган воқеаларни эслаш, миллатимизнинг қаҳрамонона ишларини тез-тез ёдга олиш муқаддас бурч ҳисобланади. Ахир бу қалбларимизда ота-боболаримиз, она-момоларимиз сабр-бардошидан, мардлигидан, жасоратидан, авлодлар бахти учун жонларини ҳам аямай кеча-кундуз курашганликларидан фахрланиш туйғуларини жўш урдиради.
Уруш! Бундан саксон йил муқаддам, яъни 1941 йил 22 июнь тонготаридаги машъум хабар ҳамманинг қалбини ларзага солган. Бу кутилмаган воқеа халқнинг тинчини бузди. Совет Иттифоқи ҳудудини оёқости қилмоқчи бўлган немис-фашистларга қарши қўзғолган кучли ғазаб ва нафрат Ўзбекистондаги, шу жумладан, Наманган вилоятидаги ҳар бир киши дилида ҳам вулқондек қайнади. Олди гуллаб, шиғил шоналаган ғўзаларга обиҳаёт тараётган деҳқонлар, ёз неъматларини узаётган боғбонлар, трактор ва машиналар рулини бошқариб, тинч меҳнат завқини суриб юрган механизатору шофёрлар, қўйингки ҳамма навқирон йигитлар Ғарбга - фашистларга қарши курашга отландилар. "Хайр, ўғлим! Бошинг тошдан бўлсин, ёвни енгиб, ғалаба билан бағримизга эсон-омон қайт!" Жондан азиз жигарбандларини уруш фронтига кузатаётган меҳрибон волидаларнинг, нуроний оталарнинг қалбларидан отилиб чиққан нидолари эди бу!..
- Сўнгги қоним қолгунча душманга қарши жанг қиламан. Бундай муқаддас бурчни адо этишга менинг акам ҳам, дадам ҳам тайёр! - Бу наманганлик "Стахановчи" жамоа хўжалиги аъзоси Юнус Жўраевнинг митингдаги хитоби эди.
Урушнинг ҳаёт-мамот жангларида вилоятимиздан 70 мингдан зиёд киши қатнашди. Ўзбекистондан 1,5 миллион йигит ва эркаклар фронтга жўнатилди. Шулардан 420 минг аскар қурбон бўлди, 640 минги жароҳатлар олди. 120 минг нафар марду майдон ҳамюртларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирландилар.
Жангу жадалларда юзлаб тиббиёт ходимлари жасурлик намунасини кўрсатдилар. Улар орасида наманганлик врач, ҳамшира, фельдшер ва доришунослар ҳам бор эдилар, албатта. Ҳ. Қориев, А. Пўлатов, А. Азимов, Ҳ. Ботиров, Б. Дадамирзаев, А. Нурматов, В. Умрзоқов, Т. Азизов, А. Семёнова, Ж. Саидаҳмедов, М. Шокирова, О. Султонов ва М. Мўминовлар буюк ғалабани кўришга муяссар бўлишди. Урушдан кейин эса эл соғлигини сақлаш йўлида янада ҳалол ва фаол меҳнат қилишди. Уларнинг кўксини ҳукуматнинг ҳам жанговар, фидокорона меҳнатлари учун орден ва медаллар безади.
Буюк ғалабанинг 75 йиллиги мамлакатимизда ғоят эсда қоларли даражада нишонланди. Пойтахтда "Ғалаба" боғи тантанали очилди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан барпо этилган бу ўзига ҳос тарбия масканида урушдаги жасоратларидан тортиб фронт ортидаги халқимизнинг мардонавор меҳнатлари ўз ифодасини топган. Айниқса, ҳамюртимиз, тошкентлик беш фарзандини урушга жўнатиб, кейин уларни бағрига босолмаган жафокаш она Зулфия Зокирова ва унинг тўрт келини сиймолари ифодаланган Матонат ҳайкал монумент бутун ўзбекистонлик оналарни улуғловчи абадият тимсолига айланди. Шон-шараф музейи эса, ғоят бебаҳо экспонатлар билан тўлдирилган. Булар бугунги авлод учун чинакам ибрат ва ўрнак ролини ўйнайди.
Ҳа, ҳеч ким, ҳеч қачон унутилмайди. Осмонимиз ҳамиша мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлаверсин!