Наманганда коронавирусдан соғайган беморлар сони икки юз нафардан ошди.
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Наманган вилоятида ҳам коронавирус инфекциясига қарши изчил кураш олиб бориляпти. Карантин тадбирлари қатъий йўлга қўйилган. Шу билан бирга вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморлар даволанмоқда. Фидойи ва ватанпарвар шифокорларимиз уларни дарддан халос қилиш учун мардона кураш олиб боришяпти.
Касбига садоқатли тиббиёт ходимларининг астойдил саъй-ҳаракатлари ўзининг дастлабки мевасини берди. Тўрт нафар коронавирусни юқтирган фуқаро бутунлай соғайиб, реаблитацияга олиниш бахтига муяссар бўлди.
Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ва масъуллар томонидан тантанали равишда реаблитация маркази томон кузатиб қўйилди. Касалликдан тузалган инсонлар маълум муддат шу ерда карантинда бўладилар.
- Бугун менинг ҳаётимда унутилмас сана. Ҳудди қайта дунёга келгандек ҳис этяпман ўзимни, - дейди Сирожиддин Абдуллаев. - Бизни ўйлаб шунчалик шароит яратиб берган Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Шифокорларимиздан бир умр миннатдормиз, улар ўзларининг жасоратли хизматлари, юксак малакалари, инсоний муносабатлари билан бизни оёққа турғазишди.
Дарҳақиқат, Юртбошимизнинг тиббиёт соҳасини тараққий эттиришга қаратилган эътиборлари коронавирус балосига қарши тизимли ва самарали курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса бундай ижобий кўрсаткичларга эришишда давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, ҳар бир беморга икки нафардан шу соҳада кўзга кўринган тажрибали мутахассислар жалб этилгани, шунингдек, шифокорлар беморларни даволаш жараёнида мамлакатимизнинг қатор етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатиб, улардан керакли тавсияларни олаётгани ҳам қўл келмоқда. Нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик беморларниинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташҳис қўйиш ва самарали даволаш имконини беряпти.
Синовли кунларда шифохонада даволаш жараёнлари изчил олиб борилди. Ҳеч қандай муаммога ўрин қолмади. Халқ бахту саодати йўлидаги ғамхўрлик юртдошларимизда фахр-ифтихор уйғотмоқда. Коронавирус инфекциясига қарши курашда фаоллик кўрсатаётган шифокорларга тасаннолар айтса арзийди. Уларнинг матонатли фаолияти чинакам жасорат намунасидир.