Ушбу шеър шахсий манфаатларини бир четга суриб, ҳатто жонини гаровга қўйиб, коронавирус деган балони енгиш учун жасорат кўрсатиб курашаётган матонатли тиббиёт ходимларига бағишланади.
Касаллик хавф солса, илмингиз қалқон,
Дардни даъф этмоққа топасиз имкон,
Курашдан толмайсиз, ғолибсиз ҳар он,
Азиз шифокорим - меҳрибонларим,
Жонин омонатга тиккан жонларим!
Матонат бобида сизларсиз тенгсиз,
Меҳрингиз на дарё, ҳаттоки денгиз,
Халқига халоскор, хўп бағри кенгсиз,
Азиз шифокорим - меҳрибонларим,
Жонин омонатга тиккан жонларим!
Сиз борсиз келажак - янги авлод бор,
Инсонлар соғлиги бўлар барқарор,
Эл суйган бандасин қилмас асло хор,
Азиз шифокорим - меҳрибонларим,
Жонин омонатга тиккан жонларим!
Олқишлар ярашар меҳнатингизга,
Шуҳратлар қўшилсин шуҳратингизга,
Етинг барча орзу ниятингизга,
Азиз шифокорим - меҳрибонларим,
Жонин омонатга тиккан жонларим!
Назиржон ДАВЛАТОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси.