Анжуманда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Тоҳиржон Дадахонов, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Равшанбек Мирзаолимов, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Олимжон Нуриддинов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Исроилжон Юсуповлар Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унда қайд этилган вазифаларни тарғиб этишда ўзига хос ёндошув, журналистларнинг ташаббуслари, кексаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маъруза билан чиқдилар.
Журналистларга Давлат дастури асосида 6 бўлим ва 72 банддан иборат вилоят дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётганлиги айтилди. Мазкур ҳужжатда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш каби устувор вазифалар қамраб олинганлиги таъкидланди.
Матбуот анжуманида Давлат дастурининг ҳар бир бўлим ва бандларида кўрсатиб ўтилган вазифалар, уларнинг ижроси ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларни оммавий ахборот воситаларида тарғиб этиш, айниқса, нуронийлар ҳақида махсус кўрсатувлар таёрлаш, газеталар ва Интернет саҳифаларида мақола ва очерклар чоп этиш борасида тавсиялар берилди.
Тадбир якунида Давлат дастури йўналишлари доирасида ҳар бир катта ёшдаги кишига зарур даражада эътибор кўрсатиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган "Энг яхши мақола", "Энг яхши теледастур", "Энг яхши эшиттириш", "Энг яхши ижтимоий ролик", "Энг яхши Интернет сайт" каби номинациялар бўйича танлов ўтказиш режалаштирилди.