Қачон ва қаерда бўлмасин, унинг саломатлиги жамият ва давлат учун энг муҳим масала ҳисобланади. Асрлар давомида шаклланган ҳар қандай жамиятда соғлом фуқаролар кўп бўлса, бу тузилма кучли ва келажаги барқарор жамият сифатида тарихда ўз изини қолдиради.
Бошқача айтганда, аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза этиш давлат сиёсатида устуворлик касб этади. Жумладан, мамлакатимиз ҳам мустақиллик йилларида тиббиёт тизимида амалга оширилган улкан ислоҳотлар натижасида муайян натижа ва ютуқларни қўлга киритди. Бу машаққатли соҳа ходимлари ҳам илмий изланиш ва малака бобида ривожланган давлатлардаги ҳамкасблари билан бемалол беллаша оладиган даражага етдилар. Бу борада соатлаб сўз юритиш мумкин.
Гувоҳи бўлганимиздек, ўтган йил сўнггидан бошлаб бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган коронавирус пандемияси инсониятни тиббиёт ходимлари кўмагига янада кучлироқ ва кўпроқ муҳтож этиб қўйди. Юртимизда бу касалликка қарши кураш жараёни шифокорларнинг нақадар соф қалбли ва фидойи кишилар эканини амалда намоён этмоқда.
Бир инсон ҳаётини асраб қолиш, дардига дармон бўлиш, унинг халоскорига айланиш қанчалар улуғ иш. Фаолияти давомида минг-минглаб беморларни даволаган шифокор ва ҳамширалар, тиббиёт ходимларининг нечоғли савобга эга ва саодатманд инсонлар эканини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг. Бугун айнан уларнинг саъй-ҳаракати ва билими, тажрибаси, малакаси, фидокорлиги боис коронавирус касаллигининг оғир оқибатлари олди олинмоқда, пандемия устидан ғолиб келишга мушарраф бўлмоқдамиз.
Ҳар бир меҳнаткаш фуқаро, ҳар бир соҳа кишиси эъзоз топаётган мамлакатимизда бугун тиббиёт ходимлари, инсон саломатлиги йўлида ҳалол меҳнат қилаётган инсонлар ҳар қанча шараф ва эъзозга муносиб. Шу маънода куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисига Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан "Саломатлик" орденини таъсис этиш тўғрисида"ги ҳамда "Соғлом турмуш" медалини таъсис этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари тақдим этилди.
Маълумот бериб ўтиш ўринлики, "Саломатлик" ордени икки даражадан иборат бўлиб, I даражали "Саломатлик" ордени билан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига улкан ҳисса қўшган, II даражали орден билан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва бартараф этиш ишларидаги катта хизматлар қилган шахслар мукофотланадилар. "Соғлом турмуш" медали эса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва бадантарбияни кундалик турмуш тарзига айлантириб, жамоатчиликка шахсий намуна бўлаётган ҳамюртларимиз хизматлари эътирофи учун таъсис этилмоқда.
Ушбу орден ва медалнинг таъсис этилиши ўз соғлиги, оиласи, манфаатини бир четга суриб қўйиб, керак бўлса, хавфга қўйиб, халқимиз саломатлиги учун курашаётган инсонларга катта маънавий куч ва руҳ бағишлайди, албатта. Зеро, инсон меҳнати қадр топса, у ҳар қандай касб машаққатларию қийинчиликларини матонат билан енгиб ўтади. Бундай рағбат инсоннинг ўз ишига бўлган садоқатини янада кучайтиради.
Шубҳасиз, ҳамюртларимиз орасида мазкур орден ва медалларга чин маънода муносиблар жуда кўп. Уларни тақдирлаш, фидойилигини эътироф этиш аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза этиш борасида янада баланд марраларни забт этилишига замин яратади.
Носирбек АБДУЛЛАХОНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер
тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.