Йигирма биринчи асримизнинг йигирманчи йили баҳори инсоният учун ғоят оғир синовлар фасли сифатида унутилмас тарихга айланиб қоладиганга ўхшайди. Оламий фалокат коронавирус - оламий ҳалокатга сабабчи бўлаётган ғоят мураккаб дамларда Ўзбекистонимиз халқи яна бир бор ҳушёрлигини, чечанлигини, уддабуронлигини бутун дунёга яққол намоёнлай олди. Сабаби, бу юртнинг меҳрибон раҳнамоси бор, бу юртнинг турли балолардан асровчи паноҳкор давлати бор.

Одамлари бир-бирига муҳаббатли, оқибатли, бир-бирига дард­дошу елкадош. Бу, хислатларимиз ҳар қандай шароитда ўзимизни йўқотмасдан ваҳимани орт­га суриб, ғоят уюшқоқлик билан курашишга ва албатта, ғалабага қодирлигимизни исботлашимизни таъминламоқда.

Баҳорнинг беқарор ҳавоси, аниқроғи, ҳаддан зиёд кучли довул дастлаб Бухороннинг Олот туманидаги уйларга кўз кўриб қулоқ эшитмаган талофатлар етказган бўлса, орадан икки кун ўтиб Сирдарёнинг Сардоба туманида рўй берган тош­қин кенг қамровда ҳаракат қилиб минг-минглаб одамларни бошпанасиз қолдирди. Далалардаги экинларни лойқа босди.

Лекин матонатли элнинг руҳи асло тушмади. Чунки, воқеалар содир бўлиши билан Президентимизнинг ўзлари ўша жойларга учиб бориб, талофатларни ўз кўзлари билан кўрдилар. Халқимизнинг давлатимизга бўлган юксак ишончини яна бир бор мустаҳкамладилар. Ҳеч ким ёлғиз эмаслигини, озор чекишга йўл қўйилмаслигини, барча кўмаклар кечиктирилмасдан зудлик билан кўрсатилишини алоҳида таъкидладилар ва буни амалда яққол кўриб билиб турибмиз.

Юртбошимиз бежиз бутун ўзбекистонликларни бир тану бир жон сифатида тасаввур этмайдилар. Бухоро ва Сирдарёдаги ҳодисалар ягона Ватаннинг катта-кичигини янада бирлаштирди, янада жипслаштирди. Бизнинг наманганликлар ҳам олийҳимматлик билан кўмак карвонларини ўша ёққа кетма-кет йўллашмоқда.

Эл бошига иш тушса,

Мард майдонда бор бўлар.

Чекинади ғам-ғусса,

Қувонч яна ёр бўлар.

Сардобада сел-тошқин,

Бепарволик ор бўлар.

Дўстим, кўмакка шошгин!

Кўнглинг фахрга тўлар.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.