Мамлакатимизда коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларни самарали даволаш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари жаҳоннинг етук олимлари, малакали мутахассислари ва тажрибали шифокорларининг хавфли касалликни ҳамжиҳатликда енгишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириб турибди.
Республикамизнинг ва хорижнинг таниқли шифокорлари, мутахассислари иштирокида видеоанжуманлар ўтказилаётганлиги диққатга сазовордир. Бинобарин, Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида туну кун мижжа қоқмаётган тиббиёт ходимлари ҳам бу восита ёрдамида дунё миқёсида қўлланилаётган тажриба ва янгиликлардан воқиф бўлган ҳолда даволаш ишларини такомиллаштирмоқдалар.
Видеоконференциялар, видомаслаҳатлашув ҳамда видеомуҳокамалар узлуксиз уюштирилмоқда. Кеча навбатдаги видеоконференция олдидан видеомаслаҳатлашув бўлди. РШТЁИМдаги студияга жамланган етук олимлар, мутахассис ва соҳа раҳбарлари беморларни дарддан халос этиш борасидаги янгиликлар ҳақида сўз юритишиб, касалликни даволаш натижадорлигини оширишга оид қимматли маслаҳатлар беришди. Оғир беморларга қандай муолажалар қилиниши эса видеомуҳокама чоғида белгилаб берилди.
Намангандаги студияда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Жакбарали Қурбонов, РШТЁИМ Наманган филиали бош шифокори ўринбосари Ҳамидулло Устабоев, РШТЁИМ хирургик реанимация бўлими врачи Неъматжон Абдуллаев ҳамда бир гуруҳ инфекционист мутахассислар жараённи кузатиб боришди. Шифохонадаги беморларнинг ҳолати юзасидан маълумотлар тақдим этиляпти. Наманганда шифохонага ётқизилган беморлар аҳволи республикамиз таниқли мутахассислари назоратида турибди.
Шу куни Исроил, Дания, Англия ва Испания давлатлари вакиллари иштирокида видеоанжуман ҳам ташкил этилди.
- 6 апрелдан буён бу жараён давом этмоқда. РШТЁИМ бош директори, профессор Абдуҳаким Ҳожибоев ташаббуси билан видео маслаҳатлашув тизими йўлга қўйилган. Видеомулоқотларда бугунги куннинг ғоят долзарб вазифаси - коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларни тезкор даволаш ва уларни соғайтириш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратиляпти. Бу борада жаҳонда ва мамлакатимизда тўпланган тажрибалар, янги иш усуллари билан ўртоқлашилди. Мураккаб жараён пайтида юзага келаётган саволларга тегишли жавоблар олдик. Бу даволаш ишларини янги поғонага кўтаришда муҳим аҳамият касб этади, - дейди РШТЁИМ Наманган филиали бош шифокори ўринбосари Ҳамидулло Устабоев.
Абдулла ҒОЗИЕВ.