Тилимизда "коронавирус" атамаси пайдо бўлганидан бери тўрт ой ўтди. Одамлар ҳаётига тажоввуз қилувчи бу манфур зарранинг куч-қудрати чексизлиги билан инсониятни жиддий ташвишга солганлиги ҳақиқат. Хитойда тарқалган хавфли инфекция ўта юқувчанлиги, тарқалувчанлиги билан жуда қисқа фурсатда бутун жаҳонни эгаллаб олди. Унинг хатари, кутилажак оқибатлари каттаю кичикни сергаклантириши шарт.
Афсуски, бу офат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу боис давлатимиз томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, унга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда. Карантин талаблари, турли чекловлар жорий қилинганлиги бежиз эмас. Мақсад касаллик ёйилиб кетмаслигига ғов қўйиш, коронавирус балоси талофатларини камайтириш, унга дучор бўлганларни соғайтиришдан иборатдир.
"Уйда қолинг! шиори турмуш тарзимизга айланиб улгирди. Аммо, афсуслар бўлсинки, бу чораларга амал қилишда баъзи юртдошларимиз масъулиятсизлик кўрсатмоқдалар. Турли манбалардан олинаётган маълумотларда қанча одамнинг жамоат жойида тиббий ниқоб тақмаётгани, автомашиналарда рухсатсиз юргани каби салбий кўрсаткичлар қайд этиляпти. Бу ва бошқа ҳолатлар коронавирус тарқалишига имконият яратишдан бошқа иш эмас.
Бугун барча давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла тизими узлуксиз ишлаяпти. Айниқса, соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиологик осойишталик маркази соҳалари вакиллари ҳар қачонгидан ҳам шижоат билан фаолият кўрсатишяпти. Лекин, баъзи қитмир кишилар "тез ёрдам 10 дақиқада келмади" қабилидаги эътирозларни ижтимой тармоқларга жойлашяпти. Шундай "талабчанлар" тез тиббий ёрдам автомашиналари коронавирусга гумон қилинган шахсларни карантин муассасаларига зудлик билан жойлаштиришга сафарбар этилаётганлигини билишмайди. Ахир бу шахсларнинг ичида касаллик тарқатувчиси бўлиши мумкин, улар қанча тез алоҳидаланса шунча яхши, юқтириш эҳтимоли камаяди-ку.
Азиз ҳамюртлар! Коронавирусдек ёвуз бало кундан-кунга дунё аҳли ҳаётига раҳна солмоқда. Унинг хавфи шундаки, ҳеч қачон кўзимизга кўринмайди. Ҳавода урчиб юрибди. Биз ҳеч қачон кўзга кўринмас ёвга билиб-билмай ўлжа бўлиб қолмайлик. Уни орамиздан йўқотиш учун биргалашиб ҳаракат қилайлик. Бугун "биргалашиб" сўзининг маъно-моҳияти бутунлай ўзгарган. Одатдагидек, тўпланиб эмас, алоҳида-алоҳида яшаб, меҳр-оқибат муносабатларини фақат Интернет орқали, мобил алоқа воситалари орқали амалга оширсак, кутилган натижага эришамиз.
Коронавирус тарқалишига йўл қўймасликнинг муҳим шарти эса уйда қолиш, шахий гигиена қоидаларига, оралиқ масофани сақлаш тартибларига, тиббий ниқоб тақиш ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишга қатъий риоя қилишдан иборатдир. Зеро, асранганни Аллоҳ ҳам асрайди. Бошимизга тушган кутилмаган синовни ақл-заковатимиз билан, қатъий интизом билан, ваҳимага берилмасдан, зарур чора-тадбирларни кўрган ҳолда мардонавор енгамиз,албатта. Ҳаётимиз яна ўз меъёрига тушиб, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларимиз барқарор ривожланиш йўлига ўтади. Бунинг учун оқил ва меҳрибон Президентимиз бор. Кўнглимиз тўқ, ишончимиз мустаҳкам, мақсадларимиз ҳамиша юксак.
Сиздан эса, уйда қолиш, карантин талабларини сўзсиз бажариш талаб этилади, холос. Аслида бу вазифа айни мураккаб пайтдаги фуқаролик бурчимиз эканлигини асло унутмайлик.
Абдулла ҒОЗИЕВ.