Юқумли касалликлар профилактикасида кенг кўламда олиб борилаётган эмлаш тадбирлари барча ёшдаги ахолини юқумли касалликлардан муҳофазалашда энг самарали усул сифатида тан олинган. Сир эмаски, махсус эмлаш усули ишлаб чиқилиб, такомиллаштириб, соҳага тадбиқ қилгунга қадар қизамиқ, қизилча, вирусли гепатит В, бўғма, қоқшол, кўк йўтал, эпидемик паротит (тепки), шол каби юқумли касалликлар айниқса, болалар орасида ўлим ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлиб келганди. Мамлакатимизда 1995 йилдан полиомиелит (шол), 2002 йилдан бўғма, чақалоқлар қоқшоли, вирусли гепатитнинг В турига оммавий эмлашни йўлга қўйилиши 14 ёшгача бўлган болалар ўртасида юқоридаги касалликларни бутунлай барҳам топишига олиб келди.

Ўзбекистонда бу борада режали, илмий жиҳатдан асосланган тизим ишлаб чиқилган. Даволаш профилактика муассасалари бепул узулуксиз эмдори (вакцина)лар билан таъминланиб келиняпти. Ишлар Республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 27-январдаги "Бошқарилувчи юқумли касаллик иммунопрофилактикасини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида"ги 36-сонли буйруғи ҳамда бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган 0239-07 сонли санитария қоида ва меъёр талаблари бўйича белгиланган миллий эмлаш жадвалига мувофиқ амалга оширилмоқда. Иммунизация тадбирларини сифатли ташкил этиш, таъминотни яхшилаш борасида жаҳон стандарт­ларига жавоб берадиган, замонавий совутгич ва музлатгич камерали бакпрепартлар сақлаш омборлари қурилмоқда. Шу кунгача вилоят СЭОМ ва Тўрақўрғон, Чортоқ, Чуст тумани СЭОМларида ана шундай иншоотларни бунёд этилиб фойдаланишга топширилгани сўзимизга мисол бўла олади. Биргина 2020 йилнинг ўтган даври давомида вилоят СЭОМ омборидан 380999 доза вакцина, 26930 дона бир марталик шприц тарқатилди. 103490 нафар болалар юқумли касалликларга қарши эмланди.

Ҳозирги коронавирус панде­мия­си даврида ҳам вилоятдаги 242 нафар вакцинатор ва патронаж ҳамширалар томонидан календар асосида хавфсиз иммунизация ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда кенг кўламда ишлар давом эттирилмоқда. Эришаётган натижаларимизга вилоят СЭОМ бўлимидан Умидахон Эшонхўжаева, Умидахон Асқарова, Хайринсо Хайитова, Мухаммаджон Абдуллаев, Наманган шаҳридан Марғуба Нас­ритдинова, Косонсойдан Нўъмонжон Бобоев, Турсуной Хомидова, Дилсўз Камолова, Попдан Шамсиддин Адашев, Чустдан Тожибой Тўхтаназаров, Чортоқдан Рустамжон Иномовлар фидокорона меҳнатлари билан катта ҳисса қўшмоқда.

Бизга берилаётган ушбу имкониятдан фойдаланиб 2019 йилнинг октябрь - ноябрь ойларида мамлакатимизда, шу жумладан вилоятимизда ҳам 9 ёшли қизларни одам папиллома вирусига қарши вакцина билан эмлашнинг биринчи бос­қич муолажалари муваффақиятли ўтказилганлигини эслатиб ўтамиз. 2020 йилнинг 11 майидан иккинчи босқич эмлаш ишларини амалга ошириш учун ҳозирлик кўрилаётганини, унда барча масъулларни фаол қатнашишларини сўраб қоламиз.

Оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлсангиз керак, Республикамизда 2020 йилнинг 20 апрелидан 26 апрелигача "Вакцинатор тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш хафталиги" ўтказилди. Бу мамлакатимиздаги барча вакцинаторлар каби зиммамизга катта масъулият юклаш билан бир қаторда нафақат коронавирус инфекциясини тарқалишининг олдини олишдек долзарб масала, шу билан бир қаторда бош­қарилувчи юқумли касалликларга қарши курашда ҳам фидойи, олийжаноб соғ­лиқни сақлаш ходимлари билан бир сафда бўлишни, янада ҳамжиҳатликда фаолият юритишни талаб этади.

Одинахон ИКРОМОВА,

вилоят СЭОМ вакциналар ва иммунобиологик

препаратлар билан таъминлаш бўлими мудири.