“Саховат ва кўмак”: Қуйи палата депутати 15 миллион сўмлик ҳомийликни амалга оширди

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётган шу кунларда Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси аъзолари ҳам бу манфур хасталик устидан ғалаба қозонишга ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Улар айниқса, инсон ҳаёти учун курашнинг олдинги марраларида фидокорлик намуналарини намойиш этаётган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият бермоқдалар. Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, бу хайрли ишда партиянинг оддий аъзоларидан тортиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларигача жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Куни кеча мамлакат парламентидаги "Адолат" СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов ҳам Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ташриф буюриб, жамоага ҳомийлик ёрдамини топширди. Айни кунларда ҳам туну-кун демай коронавирус инфекциясига қарши тинимсиз кураш олиб бораётган тиббиёт ходимларига қатор ҳимоя воситалари тўплами - махсус комбинезон, ниқоб, қўлқоп, антесептик воситалар тақдим этилди. Уларнинг умумий қиймати қарийб 15 миллион сўмни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов:

- Бугунги кунда халқимиз тиббиёт ходимлари коронавирусга чалинган беморларни даволаш йўлида тинмай, ҳатто ўз соғлиқларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам меҳнат қилаётганликларини кўриб турибди. Бунинг учун ҳаммамиз улардан чексиз миннатдормиз. Шунинг учун уларни ҳар қанча қўллаб-қувватласак ва ёрдамлашсак арзийди. Биз ҳам шу мақсадда шифохонага ташриф буюрдик. Жамоага эл саломатлигини сақлаш йўлидаги эзгу ва олийжаноб фаолиятларида каттадан-катта муваффақиятлар тиладик. Ўйлаймизки, тез орада барчамизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида пандемия устидан ғалабага эришилади.

Шу ўринда мазкур шифохонанинг 130 нафар ходими коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантинда сақланаётган гумонланувчи инсонлар соғлиғини назорат қилиш ва касаллик аниқланган беморларни соғломлаштириш бўйича даволаш муолажаларини олиб бораётганликларини айтиб ўтиш даркор. Ана шундай фидойилар орасида Мансуржон Фозилов, Нилуфар Юсупова, Лаура Нишонова, Гулсанам Деҳқонова, Ҳакима Абдуллаева, Гофуржон Мўйдинов каби врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари бор. Ўз навбатида хасталикдан фориғ бўлган инсонлар сони ҳам тобора ортиб бораётганлигини қайд этиш лозим.

Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш жараёни ҳақида "Ўзбекистон-24" телеканалига лавҳа ҳам суратга олинди. Тадбирда Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Абдужаббор Нишонов ва Кенгаш масъул ходими Зиёджон Маҳкамов иштирок этдилар.

Ўзбекистон "Адолат" СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати.