Хитойда тарқалиб, эндиликда бутун жаҳон аҳлини жиддий ташвишга солаётган Covid-19 коронавирус инфекцияси ёйилишининг олдини олиш вазифаси дунё миқёсида муҳим аҳамият касб этаётганлиги ҳам бежиз эмас. Мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасида тегишли чоралар кўрилган. Карантин тадбирлари, турли чекловлар, ўзини ўзи алоҳидалаш, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқоб тақиб юриш мажбурийлиги ва бош­қа чоралар шулар жумласидандир.

Юртдошларимиз кўрилаётган чора-тадбирлар талабларига амал қилмоқда.Тиббиёт ходимлари қўяётган вазифаларни оғишмай амалга оширмоқда. Шундай бўлсада, айрим ҳолларда тартиббузарликларга ҳам йўл қўйилаётганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан қайд этилаётганлигини ОАВлар орқали биляпмиз.

Бу аҳолининг коронавирус инфекцияси хавфидан етарли даражада бохабар эмаслигидан далолат. Шунинг учун саломатликка таҳдид солаётган касаллик ҳақида тушунча беришни лозим топдик.

Коронавируснинг энг тарқалган муҳим белгилари: юқори ҳарорат, қуруқ йўтал, мушаклардаги оғриқ, ҳаво етишмаслиги ва ҳолсизлик.

Бундан ташқари коронавируснинг яна алоҳида белгилари мавжуд. Жумладан, кўнгил айниши, ич кетиши. Нафас олишнинг қийинлашиши.

Юқорида қайд этилган белгилардан бирини ҳис этсангиз асло ўзингизни ўзингиз даволаш билан шуғулланманг. Зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматини чақириш зарур!

Агарда Сизнинг ёки оила аъзоларингиздан бирининг ТАНА ҲАРОРАТИ кўтарилиши кузатилса, шошилинч равишда тез тиббий ёрдам хизмати - 103 га ёки 78-223-13-22, 78-223-13-24 рақамларини теринг! Албатта, қўнғироқ пайтида тана ҳарорати кўтарилганлиги ҳақида маълумот беринг. Тез ёрдам хизматига хабар берганингиздан кейин шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаб қўйинг.

Ёдингизда бўлсин, коронавирус асоратлари билан ўта хавфли. Зотилжам кўринишида айниқса кўп учраяпти. Шу билан бирга нафас етишмовчилиги кузатиляпти.

Эслатма: Ҳар бир фуқаро ҳар куни кундалик юритиши, ким билан мулоқот қилаётганлигини алоҳида дафтарга ёзиб бориши коронавирусга қарши курашда жуда ҳам муҳим эканлигини унутманг!!!

Абдумалик РАҲМАНОВ,

Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори.