Коронавирусга қарши курашнинг олдинги маррасида шифокорлар туришибди. Юқумли касалликдан ишончли муҳофазаланиш учун ҳимоя воситалари муҳим аҳамиятга эга. Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш Тармоқ касаба уюшмалари томонидан 15-30 апрель кунлари ўтказилган акция ана шу ғоят зарурий мақсадга қаратилган эди.
"Тиббиёт ходимлари ҳимояси биз учун муҳим!" шиори остидаги тадбир доирасида тармоқ касаба уюшмалари томонидан вилоят бўйича 156 миллион сўмлик маблағлар марказлашган ҳолда йиғилиб, 50 минг дона тиббий ниқоб, 280 дона комбинезон, 1000 дона каскали кўз ҳимоя воситаси, 50 дона дез.модда сепиш аппарати, 500 дона антисептик, 500 дона гигиена воситалари олиниб, вилоятдаги туманлар ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаларига етказиб берилди. Бу воситалар тиббиёт бирлашма бошлиқлари билан касаба уюшма қўмитаси раислари томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларида коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб бораётган тиббиёт ходимларига тарқатиб берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тарқатилган ҳимоя воситаларининг барчаси Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тайёрланди. Бундан ташқари акция кунлари давомида соҳада ишловчи кам таъминланган 210 нафар ходимга жойлардаги касаба уюшмалари томонидан 27 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Карантин ҳудудларида хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг хонадонларидан манзилли хабар олиш тадбирлари ташкил этилиб, уларнинг оилаларига 10 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Кўзга кўринмас ёв хатаридан сақланиш алоҳида аҳамиятга эга вазифа. Шу боис ҳам соҳа ходимларининг шахсий ҳимоя воситалари билан мунтазам равишда иш берувчилар томонидан тўлиқ таъминлаб бориш чоралари кўрилганлиги ҳамда уни заҳираси ҳам яратилганлиги эътиборга моликдир.
Мақсадимиз: ҳеч бир тиббиёт ходими коронавирус деган балога йўлиқмасин. "Оқ халатли қаҳрамонларимизга аллоҳдан паноҳ сўраб қоламиз".
Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Республика Кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси.