Республикамизда кўрилаётган кескин чоралар натижасида бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга эришилди. Айни пайтда хавфли касалликнинг ёйилишини жиловлашга муваффақ бўлинди. Шундай бўлсада айрим ҳолларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ хатарлар ҳамон сақланиб турибди.
Бу, айрим юртдошларимизнинг карантин чекловларига қатъий амал қилмаётганликларида яққол намоён бўлмоқда. Беҳуда кўчага чиқишлар, ижтимоий масофаланиш тартибларини бузишлар, санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик ва бошқа салбий кўринишлар шулар жумласидандир.
Синовли кунларда жиддий ташвиш туғдираётган хавфлардан яна бири узоқ ва яқин хорижга қатновчи юк машиналари ҳайдовчиларининг карантин қоидаларига амал қилмаслиги билан боғлиқдир. Белгиланган тартибларга кўра бу тоифа инсонлар вилоятимизга кириб келишлари чоғида қатъий равишда коронавирус инфекциясига тиббий текширувга жалб этилади. Бунинг учун тегишли мутахассислардан иборат тизим хизмати йўлга қўйилган. Аммо шундай муҳим ва зарур амалиётдан бўйин товлаш ва ўзини четга олиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, шу тоифа ҳамюртларимизга мурожаат қилмоқчимиз: бугунги кунда "Ўзингизни ва ўзгаларни асранг!" шиори жуда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзга юртларда бўлиб, Наманганга қайтяпсизми, демак сизга юрт санитария-эпидемиологик вазиятига таҳдид туғдирувчи гумон билан қаралиши табиий. Яъни, сизнинг тўла соғлом ва коронавирусни юқтириб олмаганлигингизга кафолат йўқ. Барча гумонлардан ҳоли бўлиш учун эса оилангиз ва яқинларингиз олдига боришдан аввал биринчи навбатда тиббий текширувлардан ўтишингиз, белгиланган тартибга мувофиқ алоҳидаланишингиз зарур.
Бу талаб нафақат ўз саломатлигингиз, балки ҳудуд аҳолиси соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш учун ғоят аҳамиятли чорадир. Шундай экан, зиммангиздаги масъулиятни асло унутманг. Вилоятга қадам қўйишингиз биланоқ биринчи навбатда шифокорлар ҳузурига бориб, соғлиғингизни чуқур текширувдан ўтказинг! Бу амалий ҳаракатингиз билан мамлакатимиз санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга баҳоли қудрат ўз ҳиссангизни қўшасиз. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, ҳамюртларингиз саломатлигига раҳна солувчи таҳдидларнинг олдини олишга кўмаклашган бўласиз.
Шундай экан, ҳозироқ тиббий текширувдан ўтишга шошилинг. Акс ҳолда ватанимиздаги эпидемиологик вазиятга путур етказган бўласиз. Умид қиламизки, бундай хатарли ҳатти-ҳаракатни ўзингизга эп кўрмайсиз. Юртпарварлик, ватанпарварлик ҳисси бунга асло йўл қўймаслигига ишонамиз.
Улуғбек БОТИРОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг
биринчи ўринбосари.