Касбига содиқ, фидойи шифокорларимизнинг астойдил саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларни соғайтиришда юқори натижаларга эришилмоқда. Айни пайтда шифохоналардан қувончли хабарлар келиб турибди.

Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида яна бир гуруҳ коронавирусга чалинган беморлар бутунлай соғайган ҳолда реабилитацияга кузатиб қўйилди. Дарддан халос бўлган 22 нафар ҳамюртимиз Наманган шаҳри, Наманган, Уйчи ва Учқўрғон туманларида яшовчи фуқаролардир. Уларнинг 10 нафари эркак,12 нафари аёл. Шуниси эътиборлики, соғайганларнинг энг ёши улуғи 73, энг кичиги эса 7 ёшда.

- Шифохонага келганимда дунё кўзимга тор кўринган эди. Бугун эса ғоят хурсандман. Шифокорларнинг, ҳамшираю кичик тиббиёт ходимларининг астойдил хизматлари, касбларига садоқатлари, фидоийларча ҳаракатлари туфайли оғир касалликни енгишга муваффақ бўлдим. Бунинг учун аввало халқпарвар Президентимизга, соғлиқни сақлаш тизими фидоийларига чин дилдан миннатдорчилик биладираман, - дейди Дилмурод Назаров.

Шундай қилиб вилоятда коронавирус инфекциясидан тузалганлар сони икки юз нафардан ошди. Қолган беморларни халқаро стандартлар асосида,таниқли мутахассислар маслаҳати бў­йича изчил даволаш давом этмоқда.