БУГУНГИ КУН ФИДОЙИЛАРИ

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг 130 нафар ходими бугунги кунда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантинда сақланаётган гумонланувчи инсонлар соғ­лиғини назорат қилиш ва касаллик аниқланган беморларни соғломлаштириш бў­йича даволаш муолажаларини олиб бормоқдалар. Халқимиз соғлом ҳаётини ўйлаб, эл манфаати йўлида фидокорона хизмат қилаётган саломатлик посбонларига офаринлар бўлсин!

Суратда: бугунги кун фидойиларидан бир гуруҳи. (Ўнгдан) врач эпидемиолог Мансуржон Фозилов, НШСЖОМ врачи Нилуфар Юсупова, лаборант Лаура Нишонова, Гулсанам Деҳқонова, ВЮҚШ врачи Ғафуржон Муйдиновлар.

Васила ТУРДИБОЕВА

суратга олган.

 

ЭҲТИРОМИМИЗ ЧЕКСИЗ

Яқинда Наманган вилояти силга қарши кураш диспансерида карантин кузатувида бўлиб, айни пайтда яшаш жойларига қайтган ҳамюртларимиздан ташаккурнома олдик.Унда қуйидагилар баён этилган эди:

Коронавирус пандемияси муносабати билан бир гуруҳ фуқаролар вилоят силга қарши кураш диспансерида карантинга олинган эдик. Мазкур шифохонада бизни илиқ кутиб олишди ва бағоят эътибор билан саломатлигимизни кузатиб боришди. Бу ерда яратилган шароитлардан жуда ҳам мамнун бўлдик. Бизга сидқидилдан хизмат қилган талабчан раҳбар О.Бекмуродов бошчилигидаги биринчи бўлимнинг аҳил жамоасига чин дилдан раҳматлар айтишни лозим топдик. Шифокору ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари соғлиғимиз ҳақида қайғуриб, кечаю кундуз ўз вазифаларини юқори даражада бажардилар. Ўз яқинларидек кўриб, эъзоз билан муносабатда бўлдилар. Шундай тиббиёт ходимлари борлигидан фахр­ландик.

Бугун оиламиз бағрига қайтган бўлсак ҳам эл саломатлиги учун фидойилик кўрсатган шифокорларимизни унутганимиз йўқ. Бўлим раҳбари О. Бекмуродовга, бош ҳамшира Муҳаббатхонга, ҳамширалар Мавжудахон, Марҳаболарга, фельдшер Дониёржонга, кичик тиббиёт ходимлари Зулфияхон, Нодирахонларга дилимиздаги энг эзгу тилакларимизни йўллаймиз. Халқ саломатлигини мустаҳкамлаш учун тинмай меҳнат қилаётган инсонлар ҳам соғ-саломат юришсин! Уларнинг юрт равнақи йўлидаги фаолиятида омадлар ёр бўлсин!

М. ТЎРАҚУЛОВ, П. ҒАНИЕВ, Т. УМАРЧАЕВ,

Р. ҲОЖИЕВ, Б. ТОШПЎЛАТОВ, И. МАМАТЁҚУБОВ.

 

ХИЗМАТЛАРИДАН ХУРСАНДМИЗ

Ҳозирда ер юзида инсоният бошига келган касаллик коронавирус инфекцияси мамлакатимизни, хусусан Наманганимизни ҳам четлаб ўтмади. Қанчадан қанча оилалар ушбу касаллик туфайли ҳаловатини йўқотган. Биз хам ушбу касалликка алоқадор сифатида "Туркистон" меҳмонхонасида карантинга олиндик.

Бу ерда биз учун ҳамма шароитлар яратилган. Ҳомийларимиз томонидан 3 маҳал иссиқ овқат ва егуликлар билан таьминланганмиз. Саломатлигимиз тиббиёт ходимлари томонидан туну кун назоратда. Икки маҳал ҳароратимизни ўлчашади. Хоналаримиз дезинфекция қилиняпти. Бепул бир марталик ниқоблар ва антисептик воситалар билан таьминлашди.

Чексиз ғамхўрлик учун муҳтарам Президентимизга, Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига, фидойиларча хизмат қилаётган барча тиббиёт ходимларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.

Уларга соғлик-омонлик, куч-қувват тилаймиз.

Дилором ДЕҲҚОНОВА.

 

 

ОРОМ НИМА БИЛМАГАН ШИФОКОРЛАР!

Биз Наманган шаҳар "Оромбахш газчи" санаториясига 60 нафар фуқаролар карантинга олиндик. Бизни бу жойда самимийлик билан кутиб олишди. Шифокорларнинг ширин каломлари, ҳаётга, яшашга бўлган ишончли сўзлари бизни тушкунлик ҳолатидан олиб чиқди. Ўз касбининг жонкуярлари чин юракдан қилган меҳнатлари, меҳрибонликлари кўнглимизга таскин берди. Бизни бу ерда уч маҳал иссиқ овқат, эҳтиёжимиз учун керак бўлган чойшаблар, сочиқлар, совун-сода, тиш ювиш пастаси, юз ниқоблари, қўлқоплар, нам сальфеткалар ва дезинфекцияловчи моддалар билан тўла таъминлашди.

Врач Гулноза Тожибаева томонидан ўрнатилган темир тартиб-интизомга амал килинди. Бир кунда тўрт маҳал ҳароратни ўлчаш, хоналарни дезинфекцияловчи моддалар билан тозалаш, хоналар озодалигини таъминлаш ишлари кўнгилдагидек олиб борилди.

Шу сабабли 58 нафар фуқаро коронавирус инфекциясини юқтирмадик ва соғлиғимизни янада тиклаб олдик. Бизга шундай қулай шароитларни яратиб берган Президентимизга ва уларнинг ишончини тўлақонли ва сидқидилдан бажараётган шифокорларга ташаккур билдирамиз. Врач Гулноза опага ҳамкорлик қилган Наманган шаҳридаги 4-оила поликлиникаси фельдшери Музаффар Акбаров, шаҳар тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамширалари - Моҳия Маматова ва Муниса Қодирова, кичик тиббиёт ходимлари - Муборак Бойхонова ва Лобар Назароваларни меҳнатлари таҳсинга лойиқдир. Раҳмат Сизларга ором билмаган, фидоий шифокорлар!

Карантиндагилар номидан:

Азизбек КЕНЖАЕВ.

 

ЭЛ ОЛҚИШИГА САЗОВОР

Чуст туман тиббиёт бирлашмасида 29 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган врач Комилжон Аҳмаджоновнинг хизматидан эл миннатдор. Юртимизни ҳам четлаб ўтмаган COVID-19 пандемияси даврида ўз касбига содиқ шифокоримиз Комилжон Аҳмаджонов ва ёрдамчилари фельдшер Толибжон Улкановлар карантин даврида биз Р. Далабоевлар оиласига ва биз билан бирга карантин даврини ўтказаётган бошқа оилаларга сидқидилдан хизмат қилмоқда. Ҳар кечаю кундуз тиббий назоратни ўз вақтида амалга оширмоқда.

Чуст туманида таниқли врач дерматовенеролог К. Аҳмаджонов халқ саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишларига омад тилаймиз. Шу инсонлар каби касбига содик шифокорлар кўпаяверсин.

«CHUST FARM» MCHJ Хусусий шифохонаси шароитлари жудаям яхши. Бизга карантин пайтида тиббиёт ходимлари ва техник ходимлар ўз ишларига сидқидилдан ёндашган ҳолда хизмат қилишяпти.

Олмос шфй фуқаролари номидан:

Б. АҲМАДАЛИЕВ, Д. АҲМАДАЛИЕВ,

Х. ДАЛАБОЕВ, И. ДАЛАБОЕВ.

 

РАҲМАТ, ЗУЛФИЯ ОПА!

Таҳририятимизга коронавирус инфекцияси пандемияси шароитида халқимизга сидқидилдан тиббий хизмат кўрсатаётган шифокорлар фаолиятидан мамнун фуқаролардан дил изҳорлари келиб турибди.

Жумладан Чортоқ тумани Короскон қишлоғидаги Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Абдубанноб Турғунов қўнғироқ қилдилар. А.Турғуновнинг изҳорлашича, "Шундай синовли кунларда айниқса ногиронлиги бўлган шахсларларга меҳр-мурувват кўрсатилаётганлигидан барча хурсанд бўлмоқда. Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамаджонова раҳбарлигидаги тиббиёт ходимлари хизмати таҳсинга лойиқ. Менинг тобим қочиб, зарур дори-дармонлардан қийналиб қолганимда ТТБ бошлиғи алоҳида транспорт ажратиб, Намангандан зарур дори воситаларини олиб келтириб бердилар. Шундай фидойи, элпарвар шифокорлар бор экан, саломатлигимиз ишончли муҳофаза қилинишига ишончимиз комил".