Мана учинчи ой кетяптики, СОVID-19 - "коронавирус" деган инфекция дунё ҳамжамиятининг бошини қотирмоқда. Канчалик тайёргарлик ва ҳушёрлик кўрилишига қарамай у Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Чет эл сафаридан қайтган икки фуқарода, сўнгра унинг оила аъзоларида шундай касаллик аломатлари аниқлангач, халқимизда бирмунча хавотир, ваҳима уйғонгани рост. Вилоятимизга бу юқумли хасталикнинг кириб келишига йўл қўймаслик, олдини олиш чоралари қандай йўлга қўйилган? Бунда аҳоли томонидан нималарга аҳамият бериш керак? Ҳимоя ва дори-дармон заҳиралари мавжудми? Мухбиримиз ана шу каби саволлар билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон МЎМИНОВга мурожаат этди.
- Ўтган давр мобайнида вилоятда коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида алоҳида бўлим ташкил этилиб, хизмат кўрсатувчи шифокор ва ҳамширалар тайинланди. Зарур восита ва дори-дармонлар билан таъминланди. Косонсой чегара постида ва "Наманган халқаро аэропорти"да махсус ўқув-тактик машқлари ўтказилиб, нафақат тиббиётчилар, балки сафарбар этилган барча хизмат ва тузилмаларнинг шайлик даражаси синовдан ўтказилди, - дейди С. Мўминов. - Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамкорлигида чегара постларида ва аэропортда санитария-назорат постлари тузилиб, улар иши бошқариб борилди.
Бундан ташқари, аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кенг миқёсда тарғибот ишлари ўтказилди. Ўқув муассасаларида ҳам тушунтириш ишлари йўлга қўйилди. Буларнинг пировардида шифокорларнинг билим савияси юксалди, ҳамкор ташкилотларнинг масъулияти ошди. Фавқулодда ҳолларда самарали ҳаракатланиш амалиёти шаклланди.
Юзага келган вазиятдан халқимизни омон-эсон олиб чиқиб кетиш учун зарур чоралар кўриляпти. Биринчи навбатда турли миш-миш ва уйдирмаларга барҳам бериш керак. Барчамиз белгиланган тартибларга қатъий амал қилишимиз зарур ва шарт. Хитой тажрибаси ҳам шундан далолат бермоқда. Ҳамжиҳатлик ва қатъиятлик билан коронавирус инфекциясининг хатарли оқибатларига қарши кескин кураша олишимиз аниқ.
"Коронавирусдан қандай сақланиш мумкин?" - деган савол ҳаммани ўйлантиради. Инфекциядан ҳимояланиш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларини яна бир бор эслаб ўтамиз:
1. Қўлингизни тез-тез совунлаб ювинг, спиртли антисептик воситалардан фойдаланинг. Айниқса, жамоат транспортидан фойдалангандан кейин.
2. Кўз, оғиз ва бурнингизни ушлашдан тийилинг, қўл бериб саломлашмасликка ҳаракат қилинг.
3. Аксирганда, йўталганда юзингизни рўмолча ёки тирсагингиз билан тўсинг.
4. Одам кўп тўпланадиган жойларга бормасликка ҳаракат қилинг. Шамоллаш ва грипп аломатлари бор одамларга яқинлашманг.
5. Иситма - янги турдаги зотилжамнинг энг асосий ва биринчи белгиларидан бири. Иситмангиз бўлса, уйдан чиқманг.
6. Иситма, йўтал, нафас олиш қийинлашиши каби белгилар намоён бўлса, кечиктирмасдан тиббий ёрдамга телефон орқали мурожаат қилинг. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг.
7. Коронавирусга оид сўнгги расмий хабарлардан бохабар бўлиб туринг. Янгиликларни ишончли, расмий манбалардан олишга эътибор қаратинг.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳам инфекциянинг олдини олишда жуда муҳим. Шунинг учун хом гўшт ва пиширилган маҳсулотлар учун алоҳида пичоқ ва чопиш тахталарини ишлатинг. Пиширилган маҳсулотларни истеъмол қилишдан олдин хом маҳсулотларни, айниқса, гўшт, сут маҳсулотларини ушлагандан кейин қўлларни астойдил ювинг. Келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар хоми ёки чала қайнатилганларини истеъмол қилишдан воз кечинг. Фақат яхшилаб пиширилган (қайнатилган ёки қовурилган) овқатни истеъмол қилинг.
Маҳаллага чет элдан фуқаро кириб келса маҳалла фаоли, поликлиника ҳамшираси ва жамоат ташкилотлари вакиллари карантин тартиблари ҳақида тушунтиришлари керак. Акс ҳолда жавобгарлик масаласи туради. Маҳалладошлар ҳам эл саломатлигини сақлашда фаоллик кўрсатишлари лозим.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, ҳар хил тушунмовчиликларга чек қўйиш мақсадида Сoll-маркази ташкил этилди. У 1003 рақами билан ишлайди. Саволларга аниқлик киритиш мумкин бўлади. Кимдадир касаллик белгилари бўлса, қандай йўл тутиш ҳақида сўраши мумкин.
Юртдошларимиз саросимага тушмасликлари учун айтишим жоизки, вилоятимизда тиббий буюмлар ва дори воситалари заҳираси яратиб қўйилган. Коронавирусга чалинган беморлар ётқизиладиган шифохоналар олдиндан тайёрланган. Дезинфекцияловчи воситалар зарур даражада жамғарилган. Махсус кийим-кечаклар мавжуд. Ниқоблар юртимизда ишлаб чиқарилади. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат дори воситаларини шифокор маслаҳати билан истеъмол қилиш кераклигини унутмаслик лозим.
Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ эканлигини унутмайлик. Ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиш, белгиланган тартибларни аниқ ва пухта бажариш - олдимиздаги синовдан муваффақиятли ўтишимизнинг асосий омили эканлигини асло ёддан чиқармайлик.