УЛЬТРАТОВУШ ТЕКШИРУВИ ТАКОМИЛЛАШЯПТИ
Вилоят "Она ва бола скрининг" марказида "Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ультратовуш текшируви ўтказиш" мавзуида амалий семинар ташкилланди.
Унда вилоятимиз шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда нодавлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ультратовуш текширувини олиб бораётган врачлар иштирок этишди.
Марказнинг врач-пренатологи Маъмура Бойдадаева ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ультратовуш текширувини ўтказишнинг янги услубларини слайдлар орқали кўрсатиб, йиғилганларга батафсил тушунча берди. Иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Янгиликларни амалиётда қўллашга доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.
ЖАМОА ШАРТНОМАСИ ТУЗИЛДИ
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган бу галги йиғилиш бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолиятини янада кучайтиришга бағишланди.
Бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси ўринбосари Обидхон Қорабоев мавзу юзасидан маъруза қилар экан, шифохонада врачлар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт ходимларига яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўзлади. Иш юритиш усуллари, меҳнат муҳофазаси ҳамда жамоа шартномаси талабларининг бажарилиши юзасидан атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, қўмита раиси Раҳимжон Абдуллаевнинг касаба уюшма ташкилотининг 2014 йилда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Йиғилиш якунида ВКТТМ маъмурияти ҳамда касаба уюшма қўмитасининг 2015-2017 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномаси тузилди.
М. ЭРГАШЕВА.