Коронавирус туфайли мамлакатимизда эълон қилинган карантин ҳолати халқимиз хавфсиз ҳаёти учун кўрилган чора, деб қараш керак. Бинобарин, зўрман, деган давлатларда ҳам хавотирли тадбирлар аллақачон қўлланди.
Тарих шоҳид, одамзод бошига бу каби фавқулодда ташвишлар қадимда ҳам, яқин мозийда ҳам тушиб турган. Дунё халқлари энг хавфли ўлат, вабо каби қирғинбаротларни енгиб ўтган, чора топган, сабр билан енгган. Узоққа бормайлик, ўзимиз ҳам деярли "ранг-баранг" номда учрайдиган, ҳушёр бўлинмаса, кулфат олиб келиши муқаррар гриппларни, тумов-пучқовларни енгиб ўтяпмиз. Наилож, янги номдагисига дуч келдик. Аҳил, ҳамжиҳат бўлсак, ишонч ва қатъият билан миллий қадриятларимизга амал қилиб, оиламизда, рўзғоримизда соғлом турмуш тарзига, расмий идораларнинг тавсияларига амал қилсак, тозалик ва покизаликка ҳушёр қарасак, ҳар қандай иллатни муқаррар енга оламиз.
Лекин баъзи бир ҳамюртларимиз Бош вазир ўтказган брифингдан кейин ваҳимага тушиб, бошқаларнинг хотиржамлигига ҳам рахна солаётгани, таҳликани кучайтираётгани ташвишлидир. Бу бозорларга ёпирилиб, керак-нокерак товарларни заҳира қилишга киришгани кишини ҳайрон қолдиради. Брифингда аниқ-тиниқ айтилди, кўрилаётган чоралар касаллик тарқалишининг олдини олишга қаратилмоқда. Шундай экан, бу қадар хавотир ва ваҳима нимага керак? Қани ишонч ва қатъиятимиз?!
Биринчидан, ваҳима кўтаришга ҳеч бир асос йўқ. Масала шахсан Президентимиз назоратида турибди.
Иккинчидан, Ҳукумат бор аҳвол, юзага келган ҳолатни рўй-рост маълум қилмоқда. Жамиятимизда очиқлик ва шаффофлик мезонга, аъмолга айланганини ҳар биримиз англаб турибмиз. Энди саноқли касалланган беморлар ҳақида гап боряпти, эҳтиёт чорасини кучайтириш уқтириляпти, холос.
Учинчидан, бозорларга ўзимизни уриб, бор маҳсулотни сотиб олишга уриниб, ваҳимани кучайтиришга не ҳожат? Ўзбекистондай Аллоҳ ёрлақаган юртда озиқ-овқат тугаб қоладими ёки зарурат товарлар йўқ бўлиб кетадими?!
Биз бир ҳақиқатдан кўз юммаслигимиз керак, назаримда. Президентимиз раҳнамолигида кейинги уч йилда давлат идоралари халқимизни рози-ризо қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳамма ўз кўзи билан кўриб, идрокимиз билан англаб турибмиз-ку. Шундоқ бўлгач, бугунгидай синов кунларида ким халқини ташлаб қўяди! Уруш олови ичида қолган ҳамюртларини, оналари ва болаларини Суриядек давлатдан эсон-омон олиб келиб, дунё жамоатчилигининг ҳайратига мушарраф бўлган Ҳукумат ўз ҳудудидаги бозорлар тўхтаб қолишига йўл қўядими?! Коронавирус авжига чиққан Хитойдаги, Жанубий Кореядаги ватандош ўғил-қизларини самолёт юбориб, таҳликадаги ота-оналарини хотиржам қила олган инсонлар ўз халқининг тақдирига бефарқ бўла оладими?!
Агар ақл тарозисига солсак, ўзга юртлардаги мазкур ҳолат қай тарзда ҳал этилаётгани ёки ҳал этилмаётганини солиштирсак, асл ҳақиқат, аниқроғи, бор ҳикмат кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Биз фаоллар, депутатлар, мулоҳазали табаррукларимиз халқимизни таҳликага тушмасликка чақиришимиз керак. Шундай кунларда ёлғон ахборотлар тарқатиш, миш-мишлар, уйдирма айтди-дедилар чиқариш жиноят даражасида баҳоланиши керак.
Шахсий гигиенага, берилаётган тавсияларга ишонч билан риоя қилиш ҳар қандай касалликка, хавфга, хатарга қарши кучли иродамизга айланиши эса ҳаммасидан муҳимдир.
Маҳмуджон ПАРПИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА.