Дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг ёйилиши оқибатида республикамизда ҳам коронавирус сабабли эҳтиёт чоралари кучайтириляпти. Бунга доир чекловлар ўрнатилиши ҳам албатта ушбу офатдан тез кунларда соқит бўлиш учун қаратилганини тўғри қабул қилишимиз даркор.

Хўш мазкур талабларга риоя қилмаслик қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келади?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси "Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш"-дея номланиб, унга мувофиқ карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидалар бузилганда фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 257-1-моддасига асосан, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемия­га қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридаги жаримадан, то  саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо белгиланиши мумкин.

Корхона ва ташкилотларнинг бу борадаги мажбуриятлари эса 2015 йил 26 августдаги "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осо­йишталиги тўғрисида"ги ЎРҚ-393-сонли Қонуннинг 16-моддасида белгилаб берилган.

Масалан, корхона ва ташкилотлар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг қарорлари ва кўрсатмалари талабларини бажаришади.

Шундан келиб чиқиб, асосий ҳуқуқ ва ваколатга эга бўлган вилоят, шаҳар-туман Бош давлат санитария врачлари, уларнинг ўринбосарларига ушбу синовли кунларда қатъиятли бўлишни сўраб қоламиз.

Коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 22 март куни бўлиб ўтган мажлисида мамлакатимиз ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакат бўйлаб касаллик тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди. Қарор билан бир қатор чекловлар ўрнатилди Хусусан, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга "огоҳлантириш" берилади. 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб, ушбу ҳолат қайд этилса - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.

Агар фуқароларимиз, корхона раҳбарлари Давлат санитария назоратини амалга оширувчи ваколатли мансабдор шахсларнинг қарорлари ва кўрсатмаларига, шифокорлар тавсияларига амал қилишса инфекция тарқалиб кетишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшган бўладилар. Зеро, юртимизда бу касалликни енгиб ўтиш учун ҳукуматимиз томонидан кун-у-тун олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилиб, режали чоралар кўриб борилмоқда.

Фуқароларимиз, ташкилот раҳбарларидан эса белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилишлари сўралади. Шундагина биз ушбу касалликни енгиб, кўзланган мақсад сари дадил одимлаймиз.

Мансурбек МАМАТҲОШИМОВ,

Наманган шаҳар прокуратураси

катта терговчиси.