Вилоятимизда ҳам коронавирус инфекцияси  тарқалишининг олдини олиш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида кечаю кундуз фаолият кўрсатадиган штаб ишлаб турибди. Мазкур штабнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов бошқарди.

Йиғилишда вилоятда эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш, инфекция тарқалишининг олдини олиш тадбирларини талаблар даражасида ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Хусусан,  вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази  билан ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратилди. Жумладан, барча даволаш - профилактика муассасаларида беморларнинг тана ҳароратини ўлчаш, эпидемиологик суриштирув ва коронавирус белгиларига қараб фильтр­дан ўтказиш, эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан қайтиб келган шахслар саломатлигини қатъий  назоратга олиш, тегишли чекловлар жорий этиш каби тадбирларни амалга ошириш тартиблари юзасидан келишиб олинди.

Бинобарин, COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича дезинфек­ция­лаш ишларини мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Мулк­чилик шаклидан қатъий назар барча корхона ва ташкилотлар, муассасаларда, деҳқон бозорлари ва одамлар гавжум бўладиган жойларда ҳамда жамоат транспортида хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станцияларини жалб этган ҳолда тизимли равишда дезинфекция тадбирларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Бу ишни амалга оширувчи ходимлар қандай восита ва ҳимоя кийимларидан фойдаланиши амалий тарз­да кўрсатилди.