23 март куни Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш масалаларига бағишланган штаб йиғилиши бўлиб ўтди. Уни бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов олиб борди.

Йиғилишда мазкур касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят тиббиёт муассасаларида кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, вилоятда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар Дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарорлари ва тавсиялари асосида иш олиб борилмоқда. Вилоятга четдан келаётган ҳар бир фуқаро қатъий назоратга олинган. Чегара ҳудудларида санитария назорати пункт­лари ишлаб турибди. Шунингдек, аэропортда ҳам хизматлар шакллантирилган.

Хориждан қайтган ҳар бир фуқаро шифокорлар кузатувида. Уларнинг аксарияти уй карантинига жалб қилинган. Тажрибали тиббиёт ходимлари уйларга бориб карантиндагиларнинг аҳволини мунтазам ўрганяпти. Эрон, Латвия ва Жанубий Кореядан келган юртдошларимиз эса шифохона ва сиҳатгоҳларга жойлаштирилган. Улар 14 кунлик карантинда туришибди.

Вилоят марказида карантин билан боғлиқ тартиблар жорий этилмоқда. Ошхона ва чойхона ҳамда кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган масканлар ёпилди. Дизенфекциялаш ишлари кучайтирилмоқда. Транспорт қатновида чекловлар қўлланиляпти. Одамларга жамоат жойларида ҳимоя воситаси - ниқоб тақиб юриш тартиби ўрнатилди. Бошқа зарурий чоралар босқичма босқич кўриб борилмоқда.

Шундай бўлсада, ташкилий ишларни янада жонлантириш керак.Саломатлик посбонлари фидойилик намуналарини кўрсатадиган фурсат келди. Ҳар бир вазифа тўлақонли, белгиланган тартибда амалга оширилиши керак. Тар­ғибот ишлари бутун чоралар билан жонлантирилсин. Айниқса шахсий гигиена, қўлни ювиш талабларига, махсус ҳимоя воситаси - ниқоб тақишга қатъий амал қилиш жоиздир.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов саломлашиш халқимизнинг азалий одатларидан бири эканлигини ҳисобга олиб, заруриятдан келиб чиқиб, янгича сўрашиш таклифини билдирди. Яъни қўлни қўлга бериб эмас, қўлни кўкракка қўйиб алик олиш санитария талабларига мос келишини қайд этди. Вилоят шифокорлари ташаббусни қўллаб-қувватлаб, эртадан бошлаб шу тарзда саломлашиш тартибига ўтишга қарор қилишди.

Йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.