Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат тиббиёт муассасалари сони яна биттага кўпайди. У Наманган шаҳрининг Ғирвонсой кўчасида очилди.

З-қаватли, замонавий лойи­ҳа асосида қурилган тиббиёт маскани Германиядан келтирилган  замонавий аппаратлар билан жиҳозланган бўлиб, унда амбулатор шароитда неф­рология ихтисослиги йўналишида тиббий маслаҳат-диагностика ва консерватив даволаш ҳамда буйрак етишмовчилиги касалликлари билан оғриган беморларга гемодиализ хизматлари кўрсатади.

15 нафар тиббиёт ходими фаолият олиб борувчи хусусий муассаса таъсисчиси "Ровер Марс" масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади. Уни барпо этиш ва зарур тиббиёт аппаратуралари билан жиҳозлаш учун 6,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Биринчи қаватда гемодиализ хизмати жорий қилинган бўлса, иккинчи ва учинчи қаватларда 40 ўриндан иборат касалхона жойлаштирилган.

Эрталаб янги тиббиёт муассасасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров юртимизда эл саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар авж олаётгани, айниқса хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришга алоҳида урғу берилаётганлиги,  "Ровер Марс" масъулияти чекланган жамияти шифохонасининг вужудга келиши ҳам бу борада муҳим қадам бўлганлигини таъкидлади.

Тадбирда "Ровер Марс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шокиржон Усубжонов, меҳнат фаҳрийси Тоҳиржон Иномовлар ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан тадбиркорликни равнақ топтириш учун яратиб берилаётган имкониятлар самараси ўлароқ халқ манфаатлари учун хизмат қиладиган соҳалар жадал тараққий этаётганлигини эътироф этиш билан бирга, истиқболдаги режалар ҳақида фикр юритдилар.

Шундай қилиб вилоятдаги 370 - нодавлат тиббиёт маскани аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади.