Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси эшитиш қобилияти паст одамларнинг ижтимоийлашувини тубдан ўзгартириши мумкин бўлган лойиҳани синовдан ўтказишни бошлайди. Лойиҳа украиналик дастурчилар билан ҳамкорлик натижасидир.

Нега эшитиш қобилиятидан маҳрум одамлар ҳал қилишлари керак бўлган масалалар бўйича турли муассасаларга камдан-кам ҳолларда мурожаат қилишади? Бунинг учун улар ёнида, асосан, имо-ишора тилини биладиган таржимонга эга бўлиши керак. Ва бу жуда катта муаммо, чунки бундай таржимонлар ўз хизматлари учун ҳақ тўлашни талаб қилади, ва бундай таржимонларнинг ўзлари жуда камчиликни ташкил қиладилар.

Шундай қилиб, кар-соқов одамлар жамиятнинг қолган қисми билан мулоқот қилиши камайиб боради, чунки бу тегишли шароитлар яратилишини талаб этади. Ушбу муаммонинг ечимларидан бири сифатида украиналик дастурчилар махсус дастур таклифини илгари сурмоқдалар.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғ­лиқни сақлаш Миллий палатаси, "Ижтимоий бирлашма" ташкилоти (Украина) ва "Interactive Group FZC" (БАА) компанияси ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди.

Хўш, лойиҳанинг пилот версияси нима? Миллий палата ҳудудлардаги барча 14 бўлинмаларида ҳамкорлар томонидан тақдим этилган дастурий таъминот билан таъминланган планшетларни тарқатди. Керакли ташкилотларга (Ягона ойна маркази, банк, ҳокимият) ташриф буюрган имконияти чекланган шахслар ушбу планшетдан фойдаланган ҳолда,суҳбатлашиш ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўладилар. Планшет Интернет орқали таржимонлар марказига уланган бўлиб,ташриф буюрувчилар видео-алоқа орқали имо-ишора тилида мурожаат қиладилар ва таржимон уларнинг мурожаатларини ташкилот ходимига сўзлаб беради. Шунингдек, ташкилот ходими айтган барча маълумотлар ҳам имо-ишора тили орқали мурожаатчига етказилади.

Ҳозирда Украинада эшитиш имконияти чекланган одамлар томонидан энг кўп ташриф буюриладиган 60 га яқин муассасалар шундай планшетлар билан жиҳозланган. Асосан, уларни ўрнатиш энг муҳим бўлган жойни ло­йиҳа билан танишиб чиққан маҳаллий маъмурият раҳбарлари ҳал қиладилар. Эндиликда Миллий Палатанинг ҳудудий филиаллари директорлари вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вакилларини ло­йиҳа билан таништириш имкониятига эга, шунингдек эшитиш қобилиятидан маҳрум одамлар учун ажойиб ижтимоий шароитлар яратишга қизиқувчи барча фуқаролар ҳам лойиҳа ҳақида батафсил маълумот олишлари мумкин.

Лойиҳани муҳокама қилиш жараёнида Миллий Палата раиси Ровшан Изамов, ҳамкор компаниялар раҳбарлари Евгений Охрименко ва Виталий Потапчук инновацион лойиҳанинг кенг имкониятлари ва истиқболларини таъкидладилар. У нафақат кар-соқов, балки эшитиш қобилияти ўта паст бўлган одамлар учун, шунингдек, қачондир эшитган ва умри давомида ҳали имо-ишора тилидан фойдаланмаганларнинг алоқа қилишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишни таъминлайди. Лойиҳа ушбу тоифалар бўйича ҳар бирининг талабларига жавоб беради. Пилот даврида лойиҳанинг барча имкониятларини кўришга Украинада яратилган Таржимонлар маркази ёрдам беради. Агар лойиҳа Ўзбекистонда муваффақиятли қабул қилинса, шу ернинг ўзида ҳам шундай Марказ яратилади ва унинг таржимонлари эшитиш қобилиятидан маҳрум одамлар ҳамда улар мурожаат қиладиган одамлар ўртасида мулоқот ўрнатиш учун ўзбек ва рус тилларига таржима қилишади.

Миллий Палатадаги йиғилишда иштирок этган Ўзбекис­тон кар-соқовлар жамияти вакилларининг таъкидлашича, улар ушбу лойиҳа тақдим этадиган имкониятлар ҳақида фақат орзу қилишлари мумкин. Энди Миллий Палата ушбу лойи­ҳанинг имкониятларини, биринчи навбатда, республикадаги тегишли идоралар раҳбарларига тақдим этишни ва уларнинг кўмаги билан эшитиш қобилиятидан маҳрум одамларнинг орзусини амалга оширишни режалаштирмоқда. Орзу бўлганда ҳам, тингланиш орзусини.

Лочинбек БЎРИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш

Миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси бўлим мудири.