Юртимизда ўғил-қизларнинг соғлом ва баркамол ул­ғайишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Илгарилари фақатгина аҳоли орасида ва таълим даргоҳларидагина ўтказилган тиббий кўриклар эндиликда мактабгача таълим ташкилотларига ҳам кўчганлиги ғоят қувонарли.

Айни кунларда вилоятимиз мактабгача таълим ташкилотларида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар қизғин тусга кирган. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказий поликлиникаларнинг тор соҳа мутахассислари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари ходимлари тиббий текширувларни амалга оширишмоқда.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника мутахассислари ҳамда ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бригада Наманган шаҳридаги кўп тармоқли 57-ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ҳузурига ташриф буюришди.

- Илгари МТТларида тиббий кўрик бир йилда бир маротаба ўтказилган бўлса, бу йилдан ҳар 6 ойда ўтказилиши режалаштирилган, - дейди олий тоифали педиатр Маҳмуджон Қодирхўжаев. - Бугунги жараёнларда 60 нафардан зиёд кичкинтойлар соғлиги мутахассислар текширувидан ўтказилди.

Тиббий кўрикларда жарроҳ-ортопед Анваржон Ҳожиев, логопед Дилфуза Якуббаева, лор врач Алишер Шарофиддинов, офтольмолог Зиёда Алиматова, невропатолог Нозима Каримова, психиатр Ҳамрохон Азимова, стоматолог Дилором Ориповалар фаол бўлишди.

- Бундай тиббий жараёнларнинг ташкилланаётгани ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун ҳам ғоят аҳамиятли, -дейди муассасанинг катта ҳамшираси Нигора Муҳаммаджонова - Ақли заиф, мия фалажига чалинган, психик ва нутқий ривожланишдан ор­қада қолаётган болалар саломатлиги ҳамиша эътиборга муҳтож. Айнан мутахассисларнинг муассасанинг ўзидаги кўриклари эса болаларимиз саломатлигидаги нуқсонлардан бизни эртароқ огоҳ этди. Бевосита шифокорларнинг керакли маслаҳат ва тавсиялари нафақат болалар соғлигини сақлашда, балки бизнинг иш фаолиятимизни тўғри ташкиллашга ҳам катта кўмак бўлди, десак ҳеч янглишмаймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.