- Фарзандим Самандар қаттиқ шамоллаб, оғир аҳволда шу ерга ётқизилган эди. Шифокорларнинг кечаю-кундуз амалга оширган муолажалари туфайли аҳволи енгиллашди. Мана, кўриб турибсиз, юзларига табассум югурди, инжиқлигини тўхтатди. Бугун врачлардан ҳам, ҳамширалардан ҳам беҳад миннатдорман, - дейди мамнун кайфиятда Мастура Абдуллаева.
Ёнма-ён палатадаги Холида Мирзааҳмедова, Меҳмоной Холмуродовалар шодлигининг сабаби ҳам ўғил қизчаларининг аҳволлари тезда ўнгланганидан эди, албатта. Улар болалар бўлимидаги шароитлар, шифокорларнинг меҳрибонлигидан бири қўйиб, бирлари хурсандлик изҳорлашди.
Дарҳақиқат, шундай қулайликлар қайси онани қувонтирмайди, дейсиз. Ўтган йилнинг кузида кичик жамоанинг ихтиёрига берилган, мукаммал таъмирланган ва реконструкция қилинган икки қаватли шинам бинода шароитлар муҳайё. Дилмурод Исмоилов, Эдем Фетиев, Азимжон Мамажонов, Шавкатжон Маҳмудовдек юқори малакали врачлар, Маъмура Собирова, Муқаддас Ортиқова, Муҳаббат Бердиқулова, Зулфия Эгамбердиевадек хушмуомала ва чечан ҳамширалар кичик беморларга катта эътибор кўрсатишяпти.
Катта ҳамшира Муҳайё опа Қорабоева муолажалар ўз вақтида, сифатли ўтказилишига доимо бош-қош. Муаммолар бўлишига асло йўл қўйилмайди. Шу боис, уларга оналарнинг ихлоси баланд.
Диққатга сазовор ишлардан яна бири, бўлимда устозу шогирдлик анъанаси давомли. Кўп йиллик тажриба соҳибалари Маъсума Эгамбердиева билан Эътибор Турсуноваларнинг ишлари ёшларга ибрат.
Демак, бу ерга хаста ҳол боласи билан нажот истаб келган оналар доимо соғлом фарзандларини бағриларига босиб, хуш кайфиятда оилаларига қайтишлари кафолатлидир.
Адолат БАДРИДДИНОВА.