Андижон давлат тиббиёт институти мамлакатимизнинг етакчи олийгоҳларидан бири. Жорий йилда мазкур тиббиёт таълими даргоҳини 176 нафар наманганлик йигит-қизлар битириш арафасида. Жумладан, даволаш иши факультетида 40 нафар, педиатрия факультетида 38 нафар, стоматология факультетида эса 13 нафар, касбий таълим ва ҳамширалик иши бўлимларида 12 нафар талаба ўқишни тамомламоқда. Бундан ташқари магистратура мутахассисликлари бўйича 17 нафар ва клиник орденатурада 56 нафар мутахассис тегишли ихтисосликни эгаллади. Яқинда институтда улар билан Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирни олийгоҳ маркетинг бўлими мудири Абдуманноб Зиёев кириш сўзи билан очди. Ўқув ишлари бўйича проректор Абдурайим Арзиқулов шифокорларнинг янги авлоди олийгоҳда чуқур билим олиб, касбий кўникмасини бойитиб халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашдек хайрли ишга шай турганлигини таъкидлади.
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов йиғилганларни институтни муваффақиятли тугатаётганликлари билан қутлади ва вилоят тиббиётининг салоҳияти ҳақида гапирди, соҳада шифокорларга эҳтиёж катта эканлигини таъкидлаб, ёш мутахассислар тизим фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришда фаоллик кўрсатишларига ишонч билдирди.
Шундан кейин ҳар бир битирувчининг қайси шаҳар ва тумандаги даволаш-профилактика муассасасига ишга юборилиши чуқур таҳлил қилинди. Иш берувчилар - Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари иштирокида кимнинг қайси шифохона, поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктида хизматни бошлаши белгиланди. Ҳар бир мутахассис ихтисослиги бўйича ишга қабул қилиниши, уларга муносиб шароит яратилиши ҳақида юзма-юз фикрлашиб олинди.
- Мен Учқўрғон туманидаги 42-оила поликлиникасида умумий амалиёт шифокори сифатида иш бошлайдиган бўлдим, - дейди даволаш иши факультети битирувчиси Козимжон Усубжонов. - Олти йил давомида олган билимларимни амалиётга татбиқ этиш иштиёқидаман.
Яқин орада ёш шифокорлар вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларида ихтисосликлари бўйича ишга киришадилар. Уларга омадлар ёр бўлсин, деймиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.