Аёл дунёдаги энг улуғ зот. Негаки, ҳаёт аталмиш бебаҳо неъматни ўғил-қизларга ато этади. Авлодлар давомийлигини таъминловчилар аёллар бўлганлиги учун уларга ҳамиша иззат-эҳтиром муносиб. Чунки ҳар бир жамиятнинг келажаги янги авлодларсиз яратилмайди. Янги авлод эса, аввало, мана шу мушфиқ ва меҳрибон оналар бағрида аллалар тинглаб улғаяди, сўнгра жамиятга қўшилади.
Бизнинг мамлакатимизда оналар доимо ғамхўрлик оғушида яшашади. Соғлиқлари алоҳида ҳимояда. Она ва бола саломатлигини муҳофазалаш эса давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хотин-қизларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишни тобора кенгайтириш, яқинлаштириш масаласига эътибор йилдан-йилга кучайтирилмоқда. Ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ва неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш, ҳомиладор аёлларни бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинида оммавий перинатал ультратовушли скринингдан ўтказиш изчил йўлга қўйилган. Бу билан барча аёлларнинг тиббий назоратга олинишига эришилмоқда.
Маълумки, тиббиёт тармоғида ишловчиларнинг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этишади. Шунинг учун эл соғлигини таъминлашга улар томонидан салмоқли улуш қўшилмоқда. Олий маълумотли врачлар ҳамда ўрта тиббиёт ходимларининг ҳалол ва фаол хизматлари давлатимиз томонидан етарли даражада қадрланмоқда. Президентимиз Фармонларига кўра унвон, орден ва медаллар билан тақдирланишмоқда. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан сийланишмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг ноябрь ойида тиббиётчилар байрами муносабати билан Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими неонатологи Ширмонхон Мамадумаровага I даражали "Соғлом авлод учун" ордени, Косонсой тумани тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлими ҳамшираси Раънохон Достматова ҳамда вилоят силга қарши кураш санаторийси ҳамшираси Ёқутхон Муҳиддиноваларга "Шуҳрат" медаллари берилди. "Йилнинг энг яхши шифокори" республика кўрик-танлови ғолиблари сафида ҳам наманганлик хотин-қизларимизнинг борлиги кўнгилларимизда беҳад фахр уйғотди. Лайло Сайдаҳмедова "Йилнинг энг яхши акушер-гинекологи", Наргиза Бурҳонова "Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам шифокори", Муҳайё Орифжонова "Йилнинг энг яхши стоматологи" дея эътироф этилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида: "... биз бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарамиз" дея бежиз таъкидламадилар. Амалдаги йилда ҳеч шак-шубҳа йўқки, тиббиётчи хотин-қизларимиз Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборга яраша бор билим ва малакаларини эл соғлигини сақлашга ҳеч аямай сарф этаверадилар.
Биз эса уларни яқинлашиб келаётган 8 март айёми билан қизғин ва самимий қутлаймиз!