Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида тиббиётдаги ислоҳотларни амалга ошириш самарадорлигига эришишда ўрта бўғин тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган семинар-йиғилиш бўлиб ўтди. Унга бошқарма тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари бош ҳамширалари таклиф этилди.
Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар, соғлиқни сақлаш тизими олдига қўйилган устувор вазифалар ҳақида фикр юритилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов Юртбошимиз Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳусусида батафсил тўхталиб ўтди. Вилоятда "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида қилинаётган эзгу ишлар ҳақида фикр юртиб, халқимизни тиббий хизматдан розилигига эришиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ижросини изчил таъминлашда ўрта тиббиёт ходимларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.
Тадбирда ўрта тиббиёт ходимлари малакасини оширишни ташкил этиш, ДПМларда санитария қоида ва меъёрларига амал қилишда бош ҳамшираларнинг вазифалари, "Тиббиёт ходимларининг адоб-аҳлоқ кодекси"га амал қилиш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш каби масалаларга оид маърузалар ҳам тингланди.
- Асосий урғу аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилада тиббий маданиятни ошириш, касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари бош ва катта ҳамширалари олдида турган масъулиятли вазифаларни яна бир бор эслатишга берилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси Райҳона Мансурова.
Семинар қатнашчилари тадбир якунида ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича малакали мутахассислардан тегишли жавоблар олдилар.
Ғ. АБДУЛЛАЕВ.