Фан ютуқлари, олимларимиз яратаётган янги технология ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш ғоят долзарб вазифадир. Мингбулоқ туманида жойлашган 2-сил касалликлари шифохонаси жамоаси бу борада астойдил изланмоқда.
Пойтахтимиздаги нуфузли илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатилганлиги ижобий самаралар бераётир. Шифохона бош шифокорининг ўринбосари Собиржон Шоматовнинг хабар беришича, ўтган ҳафтада бу йўналиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фтизиатрия ва пульмонология илмий-тадқиқот институти профессори Примқул Назиров ўтказган бемор умуртқа пағонасидаги мураккаб жарроҳлик амалиёти маҳаллий шифокорларда катта қизиқиш уйғотгани бежиз эмас.
Таниқли мутахассиснинг астойдил саъй-ҳаракати туфайли 1994 йилда туғилган уйчилик бемор аёлнинг бир умр ногирон бўлиб қолишининг олди олинди. У "Кўкрак умуртқалари сили спондилитик босқичи фаол кечиши натижасида орқа миянинг оғир даражада эзилиши, пастки параплегия, тос аъзолари фаолиятининг бузулиши" ташхиси билан шифохонага ётқизилган эди. Жарроҳлик амалиёти муваффиятли якунланди.
Амалиёт сўнггида малакали жарроҳ шифохона врачларига "Кўкрак умуртқалари эконом резекцияси, орқа мия декомпрессияси ва комбинирланган спондилодезлаш" мавзусида "Маҳорат дарси"ни ҳам ўтди.
Профессор шу куни вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни соғайтириш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.