Дунёда бола кулгусидан-да ортиқроқ бахт бўлмаса керак ота-она учун. Учқўрғонлик Зокиржоновлар оиласининг қувончи чексиз. Ахир уларнинг жондан азиз дилбандлари Сарвинознинг юрак туғма нуқсони шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан бартараф этилди. Қизчанинг соғлом болажонлар сафига қўшилгани юз-кўзларидаги табассумида акс этиб турибди.

- Фарзандимиз юрак туғма нуқсони билан туғилганини билганимизда, тўғриси дунё кўзимизга қоронғу кўринган, хотиржамлигимиз йўқолган эди, - дейди Сарвинознинг онаси Нигора. -Айниқса давосиз дарддек туюлган хасталикдан азият чекканида она сифатида ўзимни ҳамиша айбдор ҳис қилардим. Биз болалар кардиохирурги Фаррухбекка учраганимизда, замонавий тиббиёт тараққиёти бундай оғир ҳасталикни даволаш имкониятига эга эканлигини, руҳимизни чўктирмаслигиз кераклигини айтган эдилар. Тўғриси, шифокорнинг таскинбахш сўзларига унчалик ишонмадик. "Бизга далда бўляпти, кўнглимизни кўтар­япти" деб ўйлагандик.

Ўтган йилнинг декабрь ойида қозоғистонлик мутахассисларнинг марказга ташрифлари эса кўнглимиздаги умид учқунларини ёлқинлантириб юборди. Кардиохирург Бахитжан Нуркеев ва унинг ҳам­касб­ларидан бошқа болалар қатори Сарвинозни ҳам жарроҳлик йўли билан дардига малҳам қўйилиши мумкинлигини эшитиб ғоят севиниб кетдик. Фарзандимиз жарроҳлик столиги ётди. Икки кун ўтиб уйимизга рухсат беришди. Мана, уч ойдирки, ундаги ўзгаришлар ҳайратланарли. Худди авваллари юрагида ҳеч қандай дард бўлмагандек. Илгаригидек оғзининг атрофида тез-тез кўкимтир доғларнинг пайдо бўлиши, сал кўпроқ ҳаракат қилса, чарчоқ аломатлари, грипп, шамоллаш каби хасталиклардан йироқлашганидан жуда-жуда хурсанд бўлдик.

Бугун яна амалиёт ўтказгани келган мутахассисларнинг кўриги бизни янада қувонтириб юборди. Кардиолог-узист мутахассис Асианинг таъкидлашича, Сарвинозни юрагида операциядан кейинги асоратлар қолмапти. Бутунлай дарддан фориғланибди. Энди саломатлигидан хавотирланмаслигимизни алоҳида уқтирди. Хайрли ишга қўл урган мутасаддилардан беҳад миннатдормиз. Айниқса, марказ кардиохирурги Фарруҳбек Муқимовнинг жонкуярлигидан бир умрга мамнунмиз.

Ўтган шанба куни қозоғистонлик мутахассислар келишув шартномасига биноан яна вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳозир бўлишди. Куннинг биринчи ярмида Астана шаҳридаги миллий - илмий тиббиёт маркази акционерлик жамияти болалар кардиохирургияси кардиохирурги - Бахитжан Нуркеев, болалар анестезиолог - реаниматологи Атгелди Каримқулов, кардиолог-эхокардиографисти Асиа Ахмолдаева ва Шуҳрат Исмазовлар анчадан буён юрак етишмовчилиги касалликларидан азоб чекиб келаётган 20 нафардан зиёд ўғил-қизларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказишди.

- Мақсадимиз энг биринчи галда наманганлик ҳамкасблар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, тажриба ва малакаларимизни ўртоқлашиш, - дейди шифокор Бахитжан Нуркеев. - Юрак туғма нуқсонли болаларни фақат операция йўли билан (лозим кўрилганларидагина ўтказилади) эмас, балки самарали даволашда ҳам дарддан халос этиш мумкин. Бугунги жараёнларда, илгари кўригимизга келган даволаш ва профилактика бўйича маслаҳат ва тавсияларни олган бир неча кичкинтойлар, масалан ўн уч ойлик Мухлиса Мамаджанова, икки ойлик Муҳаммад Сойибжонов, уч ёшли Гавҳарой Содиқоваларнинг юрагидаги хасталик анча чекингани аниқ бўлди. Улар жарроҳлик амалиётларисиз соғаядилар.

-Шифохона врачларининг эзгу ишларидан мамнун бўлдик,-дейди чортоқлик Мастура Мелибоева. - Набирам Мухлисанинг саломатлигидан доим ташвишда эдик, бугун қозоғистонлик шифокор ўғилларим хавотирларимиз ноўрин эканлигини айтишди. Керакли маслаҳат ва тавсияларини беришди. Уларнинг юртимизга келиши бизни ортиқча сарфу ҳаражатлар қилишимизга хожат қолдирмади.

Албатта, шу куни бундай дил изҳорларини кўп тингладик. Назокат Турсунова, Холида Турсунова, Зулхумор Ҳайитоваларнинг ҳам нажоткор инсонларга миннатдорлиги чексизлигини етказишимизни илтимос қилишди.

Куннинг иккинчи ярмида эса мутахассислар ҳаста юракли Моҳира Икромжоновани дарддан фориғлантириш учун жарроҳлик столига олишди. Уларга марказнинг болалар кардиохирурги Фаррухбек Муқимов, анестезиолог Қаҳрамон Азизовлар ҳамроҳлик қилишди. Жажжи қизалоқнинг ишлаб турган юрагида кичик кесма (3-4см) қоринчалараро тўсиқ нуқсонини акклюдер билан ёпишга эришишди.

Дарҳақиқат, тиббиёт ривожида ҳориж мутахассисларининг ҳамкорлиги, ўзаро тажриба алмашинуви ғоят муҳим аҳамият касб этади. Вилоятимизда мазкур масалага эътибор тобора кучайтирилаётгани ҳам шундан.

Манзура ЭРГАШЕВА.