Чақалоқлар саломатлигини кўздан кечираётган Ширмонхонга кичик бека коридорда бир аёл "Чиройли, мулойим гапирадиган шифокор опани чақириб беринг" деяётганини айтди.

Жажжиларнинг оналарига маслаҳатларини бериб, улар ҳолатидаги яхши ўзгаришлардан мамнун бўлган шифокор ташқарига йўналди. "Ким экан-а?"хаёлидан ўтказди.

- Опажон, яхшиям сизни топдик, ҳайрият ишда экансиз, - ўрта ёшли жувон қучоғини очди. Ёнида кўҳликкина қизи ҳам бор эди. - Дўхтур опа бизни эслаёлмадингиз-а, -деди у меҳрли нигоҳларини узмай.. -Қизим муддатига етмай дунё­га келган эди, - деди у. - Иситма жуда-жуда кучли, болани яшаб кетишига умид йўқ эди. Ҳатто баъзи врачлар "Ҳамма нарсага тайёр туринглар" деганида ҳам, сиз "Албатта, яшайди, шунга ҳаракат қиламиз" деб бизнинг кўнглимизга чироқ ёққансиз. Ўзингиз ҳам то хатар ортда қолгунича биз билан биргаликда мижжа қоқмагансиз...

Ширмонхон олдинига эслаёлмади. Аёлга разм соларкан, ўша кунлар кўз ўнгида гавдаланди. Онанинг кучли шамоллаши туфайли чақалоқ жуда нимжон туғилган эди. Чақалоқнинг иситмаси тушмай қийналган. Аёлнинг "Жон дўхтир боламни асраб қолинг!", деган илтижоли нолаларидан у сездирмаса-да бироз таҳликага тушганди ҳам. Қани энди хасталикни енгиш фақат шифокоргагина боғлиқ бўлса эди. 17 кун деганда гўдакнинг ҳаёти хатардан ҳоли бўлганини элас-элас эслади..

-Исмини ҳам сизга хавас қилиб Ширмонхон қўйганмиз. Ўқитувчилик касбини танлади, тақдирни қарангки, врач йигитга турмушга чиқяпти. Сизни тўйга таклиф қилгани келдик. Илтимос қутлуғ айёмимизда меҳмонимиз бўлинг!

-Насиб қилса, албатта бораман, табриклаб қайтаман...

Бундай воқеалар, миннатдорлигу олқишлар шифокор ҳаётида тез-тез учраб туради. Шу эмасми, тақдир уни юксак толе, юксак мартаба билан сийлагани. Ахир Ширмонхонга ҳаяжонли, энг қувончли онларни - чақалоқларни кутиб олиш саодати насиб этди. Фарзандини дунёга келтираётган аёлга акушер-гинеколог мададкор бўлса, гўдак саломатлигига масъуллик ва дастлабки парвариш неонатолог зиммасида. Ширмонхон Мамадумарова ана шу нозик ва шарафли вазифани 30 йилдан зиёд вақт мобайнида сидқидилдан бажаряпти.

Яхши инсонларнинг хизмати, яхшилиги ҳеч қачон унутилмаслиги барчага аён. Энг оғир кунингизга яраган, жондан азиз фар­зан­­­ди­н­гизни беморлигида, ёрдамга муҳтож пайтингизда айтилган биргина ширин сўзу, вақтида кўрсатилган беминнат хизмат йиллар ўтса-да, кўнгилнинг нурли нуқтасида ажиб бир хотира каби энтиктираверади. Чин дилдан, садоқат билан қилинган меҳнат ҳамиша қадру қимматини топиши шубҳасиз. Айниқса, ҳали ҳаётга тўла мослаша олмаган гўдаклар саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ғоят масъулиятли ва шарафли хизматлари туфайли Ширмонхон Мамадумарова кўксини бир эмас, икки орден безагани нақадар шараф, нақадар бахт!

Тошбулоқ шаҳарчасидаги Абдулбосит ака ва Маҳбубахон аянинг ёлғиз қизи марказий шифохонанинг шундоққина ёнидаги маҳаллада улғайди. У ҳар куни қадр­дон мактабига шифохона ёнидан ўтар, оқ халатли врачларга жуда-жуда ҳаваси келарди. "Ул­ғайсам, болалар шифокори бўламан", деган орзу истакда астойдил ўқиди. 1979 йили 22 - мактабни олтин медал билан тугатади. Падари бузрукворию волидаи муҳтарамасига педиатр бўлмоқчилигини айтганида жуда-жуда севинишди. Дадаси қизини етаклаб, Андижон давлат тиббиёт институтига олиб борди. У имтиёзли равишда олийгоҳ талабалари сафига қабул қилинди.

Институт сабоғини муваффақиятли якунлаган Ширмонхон Наманган шаҳар силга қарши кураш диспансерида фтизопедиатр вазифасида иш бошлади. Орадан кўп ўтмай, Наманган тумани марказий шифохонасида болалар маслаҳатхонаси бўлимида тегара педиатри бўлиб фаолиятини давом эттирди.

1989 йили Ширмонхон бош врач Эргашали Нишонов таклифи билан туғруқ комплексига ишга ўтди. Шу йили Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг қайта тайёрлов курсида ўқиди, врач - неонатолог мутахассислигини ўзлаштирди.

У бу соҳада кўпроқ билим, тажриба, ва малака зарурлигини чуқур ҳис этди. Зиммасидаги вазифа мураккаб эканлиги учун тинмай ўқиди, изланди. Чунки,гоҳ-гоҳида муддатидан илгари туғилган чақалоқлар парвариши жуда катта билим ва малакани талаб қилар эди. Салгина тажрибасизлик бола ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигини ҳар дақиқада унутмасди. Ширмонхон ишдан сўнг вилоят марказий туғруқхонасининг бош неонатологи, Марғуба Алиеванинг ёнига боришдан, соҳанинг сир-синоатларини сўраб ва кўриб ўрганишдан асло эринмади. Бу ердаги ҳамкасблари Дилбар Азизова, Зуҳриддин Муҳсиновларнинг маслаҳат ва тавсиялари унга янада ишонч бағишлади. Неонатология бўйича кўникмаларини тобора мукаммаллаштиришига жуда асқотди.

2-босқич чақалоқларни парваришлаш бўлимида фаолият олиб бориш беҳад мураккаб. Шунинг учун ҳам тиббиётда неонатологни реаниматологга қиёслашади. 28 кун ичида пневманияга ва бошқа касалликларга чалинган юқори ҳароратдаги гўдакларни тўғри ташхислашу соғломлаштириш унинг муҳимдан муҳим вазифаси бўлган. "Она омон - бола соғ бўлсин" дерди у доимо. Жажжи беморларнинг қаери безовталаётганини бир кўришда илғаб олиш қийин, ҳаста фарзандига нажот кутиб термулиш онага ҳам осонмас.

...Вақт алламаҳалга бориб қолди. Эндигина юқори иситмадаги кичкинтойнинг холати яхшиланиши билан Ширмонхон опанинг ёдига ўзининг фарзандлари тушди. Меҳрибон қайнонаси бор-ку! Навбатдаги яна бир чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолганидан мамнун кайфиятда уйига йўл олди...

Хайриятки тақдир ўзини тушунадиган олижаноб инсон - Обиджон акага умр йўлдош этган. "Яхши қиз маҳалласидан ортимас", деган нақл бор халқимизда. Ширмонхон опа ҳам шундоқ икки уй наридаги Мамадумаровлар хонадонига бош келин бўлди. Қайнотаси Собиржон ака ва Рислиқхон аялар шифокор келинини ҳар вақт ардоқлашди, қўллаб-қувватладилар. Ҳатто малака оширишу, турли ўқувларда фарзандлари Шаҳло, Шоира, Одилбек ва Олимжонларни уддасидан чиқишни қайнонаси ўз зиммасига олганлар. Асло шифокор келинларини ёлғизлатмаганлар... Ягона қайнсинглиси Насибахон эса келин­аясига хавас қилиб ҳамширалик касбини танлаган.

Мустақилликнинг 17 йиллиги байрами арафаси эди ўшанда. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Ваққосовнинг хушхабаридан туғруқ комплексида байрам бўлиб кетди. Ўзбекистон Републикаси Президенти Фармони билан II даражали "Соғлом авлод учун" орденига лойиқ кўрилганди. Ширмонхон Конституция байрами айёмида Оқсаройда Юрт­бошининг қўлларидан орденни олиш шарафига муяссарланди. Бу эса унга янада куч - қувват, ғайрат-шижоат бахш этди.

Неонатолог аёл учун 2019 йил ҳам беҳад омадли келди. Касб байрами арафасида кўп йиллик самарали меҳнати янада юксак баҳоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра, бу гал I даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди.

-Ота-онамнинг ёлғиз фарзанди бўлсам-да, тақдир менга жуда кўп инъомлар ҳадя этди, -дейди Ширмонхон Мамадумарова. -Севимли касб, севимли оила, севимли жамоа. Уларнинг қўллаб-қувватлаганликлари туфайли шундай мартабаларга, мукофотларга сазоворландим. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳриддин Сиддиқов, марказий шифохонанинг болалар бўлими мудири Алоҳиддин Мадраҳимов, туғруқ ком­плекси мудири Маликахон Воҳидовалар билан ёнма-ён хизмат қилишдан асло чарчамайман. Бу мукофот биргина менинг эмас, туманимизда аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида фаолият юритаётган барча саломатлик посбонларининг меҳнатларининг юксак эътирофи, деб биламан.

Манзура ЭРГАШЕВА.