У Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали қон-томир ва микрохирургия бўлими ҳамшираси Зулфия МАДАМИНОВАдир
Кечагидек ёдида. Зулфия "Гўзал" шифохонасида овқат тарқатувчи бўлиб ишлайдиган онасига ёрдамлашгани борганида оппоқ халатли ҳамшираларга жуда-жуда ҳаваси келарди. Йиллар ўтиб, ўзини ҳам тиниб-тинчимас, ширинсўз ва меҳрибон ҳамширалар сафида кўришни астойдил истади. Буни қарангки, ота - онаси ҳам унинг эл-юрт корига ярайдиган, қўни-қўшнию маҳалла-кўйга фойдаси тегадиган касб соҳибаси бўлишини ниятлашган экан. Зулфия Наманган тиббиёт билим юртига ўқишга кирди.
Қўлига ҳамширалик дипломини олгач, ўзи орзулаган «Гўзал» шифохонасига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари даволанадиган бўлимга ишга келди. Зеҳни ўткир, ширинсўзу эпчил Зулфия ўз вазифасини сидқидилдан бажара бошлади. 1996 йилдан моҳир жарроҳ Бахтиёр Раҳимов ташаббуси билан бу бўлим қон-томир жарроҳлиги бўлимига айлантирилди. Ёш ҳамшира эпчиллиги ва чаққонлиги билан тезда беморлар ҳурматини қозонди. Ҳамиша ўқиб изланди. 25 йиллик фаолияти давомида касби масъулиятини бирор лаҳза унутмади. Устозларидан муолажаларни юқори малакали бажариш санъатини пухта ўзлаштирди.
У беморларга дориларни ўз вақтида беради. Оғритмай укол қилинишини таъминлайди. Қон босими ва пульсини, тана ҳароратини ўлчашни ҳеч ҳам канда қилмайди. Янги беморларни қабул қилиб олиш, операциядан чиққанлардан тез-тез хабар олиб,тунни ҳушёрлик ва бедорликда ўтказади.
Тунни тонгларга улаган ҳамшира ҳаётидан сира-сира нолимайди. Ахир энг керакли касб соҳибаси эканидан фахрланади. Кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишда, оиласи бағрига қайтаришда унинг ҳам ҳиссаси бор-да. Шунинг учун дарддан фориғланган беморларнинг олқишу ташаккурларига сазовор бўлаверади.
- Оёқларимда шиш билан жуда оғир ҳолатда келган эдим, - дейди учқўрғонлик Моҳира Парпиева. -Бўлимнинг врачларидан тортиб ҳамшираларию кичик бекаларигача ўз хизмат вазифаларига жуда эътиборли эканлар. Айниқса, ҳамшира Зулфия опанинг қўли енгиллигини айтмайсизми. Ҳатто игна санчигани ҳам сезилмайди. Касбининг устаси бўлган ҳамширадан миннатдорман.
З. Мадаминова 6 нафар врач ҳамда 16 нафар ўрта тиббиёт ходимлари билан ҳамфикру ҳамнафасликда фаолият юритяпти. Кўп йиллик сафдошлари катта ҳамшира Наргиза Умарова, олий тоифали ҳамширалар Гулчеҳра Бойхонова, Нодира Насимова, Адолат Содиқова, Дилором Жўраевалар унинг учун энг қадрли инсонлар ҳисобланишади. Бирини опа, бирини сингилдек кўради.
Зулфия Мадаминова нафақат ишда жонкуяр ва меҳрибон ҳамшира. Айни маҳалда аҳил оиланинг севимли бекаси. Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам шифокори Неъматжон Исмоилов билан 5 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Бош фарзандлари Зуҳриддин МИБ ходими, Муҳриддин эса дадасидек шифокор бўлишни аҳд қилиб қўйган. Наманган шаҳридаги 58-ихтисослаштирилган мактабнинг 11- синфида ўқияпти. Ҳусниддин, Муҳаммадшер, Ноилахонлар ҳам ҳали мактаб ўқувчилари.
Ўйлаймизки, моҳир ҳамшира бундан буён ҳам эл саломатлигини сақлашда янада фаоллик кўрсатиб, қанчадан-қанча беморларни соғайтириб оиласи бағрига, ишхонасидаги жамоаси ёнига қайтаришдан асло чарчамайди.
Манзура ЭРГАШЕВА.