Бекобод Тўрақўрғон туманидаги обод маҳаллалардан биридир. Бу ердаги 55-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг кўпчилиги эндиликда олий таълим муассасаларига кириб ўқишни орзулашади. Шунинг учун аҳил педагогик жамоа болаларга чуқур билим бериш учун таълимнинг энг илғор ва самарали усулларидан фойдаланади. Айни пайтда университет ва институтлар билан алоқа боғлашиб, ўзаро ҳамкорликда таъсирчан тарғибот тадбирларини ташкиллашяпти. Нав­батдагиси ғоят мароқли кечди.

Ўқув даргоҳига Наманган давлат университетининг магистратура бўлимида таҳсил олувчи бир гуруҳ иқтидорли ёшлар ташриф буюришди. Мактаб директори Иззатилла Абдуллаев меҳмонларни ўқитувчи ва ўқувчиларга таништиргач, янги Ўзбекистоннинг янги авлоди таълим-тарбияси борасида кўрсатилаётган ғамхўрликларга барчанинг диққат-эътиборини қаратди.

Университетнинг магистратура бўлими декани Ғолибжон Долиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва унда олий таълим истиқболига кенг имкониятлар очиб қўйилгани хусусида гапирди. Жорий йилнинг "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" дея номланишига алоҳида изоҳ берди. Президентимизнинг Мурожаатномасидаги: "Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз" деган сўзлари таъкидланиб, такрорланганида анжумандаги ўғил-қизларнинг нигоҳларида мамнунлик ифодаси жилваланди. Давлат грант­ларининг 2 баробарга кўпайтирилиши ҳақидаги фикрлар айтилганида залда ўқувчиларнинг қувонч қарсаклари янгради.

Университетнинг инглиз адабиётшунослиги йўналиши магистранти, "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони соҳибаси Манзура Абдуллаева Президентимизнинг беш ташаббусларини амалга оширишга ҳамма бурчдор эканини уқтирди. Ўзи бу борада изчил қалам тебратиб яратган янги ижодий туҳфаси "Китобхонлик: ўқиганларим ва уққанларим" номли илмий-оммабоп китобидан мактаб ёшларига тақдим қилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан баҳор айёмида ўтказиладиган "Истеъдод мактаби - XII" ижодий семинарнинг ҳудудий босқичида иқтидорли болаларни фаол қатнашишга чорлади.

Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси совриндори, магистрант Нигора Умархонова "Илмий тадқиқот нима? Унинг йўналишларини танлаш, хорижий тилларни ўрганишнинг қулай усуллари" мавзусида ўқувчиларга қимматли тушунчалар берди. У инглиз тили йўналиши бўйича фан олимпиадасининг мактаб ва ҳудудий босқичида қатнашган тилсеварларнинг билимлари синови жараёнида турли услубларни қўллаб кўрсатди.

Жисмоний тарбия ва спорт йўналиши магистранти Бахтиёр Холмирзаев халқаро мусобақаларнинг ғолиблари ва Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган ўқувчиларни имтиёзли равишда олий таълимнинг бакалавриат босқичига қабул қилиш шартлари ҳамда талабларига боғлиқ сўнгги янгиликлардан, қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳиятидан ўқувчиларни бохабар этди. "Наманган давлат университети мадҳияси" шеърини ифодали ўқиб, мактаб битирувчиларининг ҳавасини уйғотди.

Кимё йўналиши магистранти Холбек Зокиров педагогик таълимнинг қайси тармоқларида ўқиш муддати уч йил этиб белгилангани ва олий таълим ўқув жараёнида кредит-модул тизимининг жорий этилиши хусусидаги муҳим маълумотлар билан ўртоқлашди.

Магистрантлар билан юзма-юз учрашув мактаб ўқувчилари учун айни муддао бўлди. Улар ўзларини пухта билим олишга, чуқур илмий тадқиқотлар билан шуғулланишга бағишлаётган изланувчан ва истеъдодли ака-опаларининг мароқли суҳбатларидан баҳрамандлик асносида туғилган яна кўпгина саволларига ойдинлик киритишга интилдилар. Айниқса, Маъсума Собиржонова, Мавлуда Нуриллаева ва Озода Камолова каби ўндан зиёд ўқувчиларнинг фаоллиги тарғибот тадбирининг ғоят таъсирчан ва таассуротларга бой тарзда ўтганидан далолат берди.

Маҳпират АБДУЛЛАЕВА,

физика фани муаллимаси.