Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида нафақат 2020 йил, балки ундан кейинги давр учун мўлжалланган улуғвор вазифалар белгилаб берилди. Айниқса Мурожаатномадаги аниқ таҳлилларга асосланган, амалий ва танқидий руҳдаги фикрлар, бор салоҳият ва имкониятларимизни ишга солишга қаратилган даъватлар қалбимиздан чуқур жой олди.

Муассасамиз аҳил жамоаси ҳам Мурожаатномани чуқур ўрганиш асносида унда олға сурилган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда фаоллик кўрсатишни ўзининг бурчи, деб билмоқда. Мурожаатномада ватанимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топган.

Олдимизда турган масъулиятли вазифаларга онгли равишда ёндашиш, коррупция балосига қарши кескин курашиш, илм-фанни, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, барча соҳавий йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш бугунги куннинг талаби сифатида таъкидланди. Зеро, 2020 йилга " Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб ном берилганлиги ҳам бежиз эмас.

Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимида қилиниши лозим бўлган ишлар борасида ҳам алоҳида гапириб ўтдилар. Соҳага хорижий инвестицияларни ва инновацияларни киритиш орқали тиббий хизмат кўрсатиш даражаси янги босқичга кўтарилади. "Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу йил мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш ва уни амалга ошириш бўйича барча ташкилий чораларни ишлаб чиқиш лозим. Ушбу тизим жорий йилда Сирдарё вилоятида тажриба сифатида бошланади. Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш ва дориларнинг реал нархини "онлайн" тартибида кузатиб бориш тизимини яратиш ҳам долзарб вазифалардандир".

Қисқаси, Мурожаатнома мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш баробарида азиз ва жонажон Ўзбекистонимиз равнақига дахлдорлик ҳиссимиз кескин ошди. Бу эса тинмай изланишга, астойдил интилишга ундайди.

Ирода МУСАЕВА,

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси директории