Вилоятимизнинг хориж билан алоқалари тобора равнақ топиб бормоқда. Ўтган йили муваффақиятли якунланган халқаро форумлар чоғида имзоланган ҳужжатларда кўзда тутилган улуғвор вазифаларни амалиётга изчил татбиқ этиш чоралари кўрилаётир. Тўғридан-тўғри инвестицияларни йўналтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Исроил ва Россиянинг тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялари вакиллари иштирокидаги делегациянинг Наманганга ташрифи ҳам фикримиз далилидир.
Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми доирасида Исроилнинг "MVI medical centre" компанияси билан меморандум изоланган эди. Компания бош директори Наталя Мелик эзгу мақсад йўлида бошланган ишни давом эттириш ниятида "Sаlus" компанияси (Исроил) бош директори Егор Иванков ва "Сервис инструмент" компанияси (Россия) бош директори Сергей Артёмовлардан иборат делегация аъзолари иштирокида вилоятимизда қатор учрашувлар ўтказди.
Дастлаб вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида четга маҳсулот экспорт қилувчи корхона ва хўжаликлар раҳбарлари билан мулоқот қилинди. Меҳмонлар жаҳоннинг 19 та давлатига маҳсулот экспорт қилиш бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан таклифларни ўртага ташлашди. Томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олишди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ташриф пайтида она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш,туғруқхоналарни замонавий технологик тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ҳақида фикр юритилди. Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров вилоят тиббиётининг салоҳияти билан таништирар экан, оналик ва болалик муҳофазасига алоҳида аҳамият қаратилаётганлигини таъкидлади. Хорижлик тадбиркорлар туғруқ комплексларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва кадрлар малакасини оширишда кўмаклашиш таклифини билдиришди.
- Мақсадимиз перинатал хизмати ва шошилинч тиббиётни такомиллаштиришда ҳамкорлик қилишдан иборат, - дейди "MVI medical centre" компанияси бош директори Наталя Мелик. - Бу тиббиёт масканларини замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш ва соҳа вакиллари билимини ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларни ўз ичига олади. Давлат-хусусий шериклиги асосида янги тиббиёт масканлари қуриш, уларни лизинг асосида жиҳозлаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари наманганлик ишлаб чиқарувчилар билан экспорт-импорт йўналишида ҳам иш олиб бориш режалаштирилмоқда.
Хорижлик меҳмонлар вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан ҳам қабул қилинди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.